Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти томонидан зилзилада аҳолининг барча қатламини тўғри ҳаракат қилишга ўргатишга мўлжалланган мобил дастур яратилди.

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, илова кенг жамоатчилик томонидан бепул юклаб олиш учун Google Play (Play Market) платформасига Zilzila mobile номи билан жойлаштирилган (ҳозирча App Store`да мавжуд эмас). Юклаб олинган дастур ўрнатилгандан сўнг фойдаланувчи учун қулай бўлган тил танланади. Дастурда 3 та тилда (ўзбек, рус, инглиз) ишлаш имконияти яратилган.

Унда зилзила пайтида, олдин ва кейин (манзилларга қараб) қандай ҳаракатлар амалга ошириш кераклиги, шунингдек, ер силкинишининг келиб чиқиш сабаблари, ҳалокатдан сўнг ёрдам кўрсатиш ҳақидаги маълумотлар ҳамда фуқароларнинг тайёргарлик даражасини текшириш учун тестлар жойлаштирилган.

Аввалроқ 1 декабрдан кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими босқичма-босқич ишга туширилиши маълум қилинганди. Бунда «Кучли зилзиладан огоҳлантириш» мобил дастури орқали аҳолига қисқа сонияларда республиканинг аниқланган ҳудудларида кучли зилзила кузатилиши тўғрисида тезкор хабарнома юборилиши айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, 21 март ва 23 март кунлари Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида кучли зилзила сезилганди. 21 март куни зилзилага қадар Ўзбекистондаги Android қурилмаларнинг кўплаб эгаларига ерости силкинишлари эҳтимоли борлиги ҳақида огоҳлантириш келган. Google ушбу тизимни 2020 йил ёзида ишга туширган бўлиб, орадан бир йил ўтиб Ўзбекистон учун ҳам ишлай бошлаган. Унинг қандай ишлаши ҳақида бу ерда батафсил ўқиш мумкин.

«Газета.uz» Ўзбекистон олимлари ўтмишда бир қанча зилзилаларни аниқ башорат қилгани, аммо нега ҳаммасини башорат қилиб бўлмаслиги ҳақида олимлар билан суҳбатлашганди.

«Ўхшаш хабарлар» бўлимида зилзила ҳақидаги афсона ва ҳақиқатлар, шунингдек, ер қимирлаган пайтда нима қилиш ва унга қандай тайёргарлик кўриш кераклиги хусусида материаллар билан танишиш мумкин.