Ўзбекистонда кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими ишга туширилади, дея хабар қилмоқда Адлия вазирлиги.

16 май куни «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-158-сон] қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 декабрдан Республикада кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими босқичма-босқич ишга туширилади. Тизим доирасида Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудлардаги сейсмик ҳодисаларнинг мониторинги реал вақт режимида юритилади.

Зилзила ўчоғига яқин икки ва ундан ортиқ сейсмик станцияларда кучли (5 ва ундан юқори балли) тебранишлар аниқланганда «Кучли зилзиладан огоҳлантириш» мобил иловаси орқали аҳолига қисқа сонияларда республиканинг аниқланган ҳудудларида кучли зилзила кузатилиши тўғрисида тезкор хабарнома юборилади.

2023 йил 1 августдан:

  • «Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш электрон платформаси» ишга туширилади;
  • сув омборларида ишловчи масъул ходимларнинг сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни амалга ошириш ва бирламчи таҳлил қилиш бўйича ҳар 2 йилда малакасини ошириш амалиёти йўлга қўйилади.

2024 йил 1 январдан сейсмик фаол зоналарда жойлашган шаҳарларнинг бош режалари лойиҳаларини тегишли ҳудудларнинг сейсмик микроҳудудлаштириш хариталарига асосланган ҳолда ишлаб чиқиш амалиёти жорий қилинади. Ҳудудларнинг сейсмик микроҳудудлаштириш хариталари Фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилади.

2023 йил 1 июндан республика ҳудудларида мавжуд фаол тектоник ер ёриқларининг кўрсаткичларини ўрганиш ишлари ташкил этилади. 2023/2024 ўқув йилидан босқичма-босқич мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим босқичларининг амалдаги таълим дастурларига Зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиш қоидалари киритилади.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 сентябрдан:

  • сейсмик фаол зонада жойлашган сейсмик хавфсизлиги III-IV тоифага кирувчи кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларда (зинапоя йўлаклари, чердак ва умумий фойдаланишдаги ошхоналарда) ўзбошимчалик билан қурилган конструкциялар;
  • кўп квартирали уйларнинг, шу жумладан уларнинг ертўла ва биринчи қаватидаги зилзилабардошликка таъсир қилувчи конструкцияларга ўзбошимчалик билан киритилган ўзгартиришлар аниқланади.

Аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади.

Сейсмик хавфсизлиги II-IV тоифадаги қурилаётган ёки мавжуд объектларнинг конструкциясини ўзгартириш (қаватлар сонини ўзгартириш, ёнма-ён қуриш, устига қават қуриш) бўйича қурилиш ишларини бошлашга фақат лойиҳанинг ўзгартирилган шаҳарсозлик ҳужжатлари қайта экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса олингандан сўнг рухсат этилади.

2023 йил 1 июндан:

  • сейсмик хавфсизлиги IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш Лойиҳа-қидирув ташкилотлари электрон рейтингида «С» ва ундан юқори тоифага эга ташкилотлар томонидан амалга оширилади;
  • сейсмик хавфсизлиги III-IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича қурилиш ишлари Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингида «ССС» ва ундан юқори тоифага (шу жумладан «А» ва «B» турдаги барча тоифаларга) эга бўлган қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан бажарилади.

2023 йил 1 октябрдан сейсмик хавфсизлиги II-IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва назорат функцияларини амалга ошириш йўналишларидаги фаолият юритувчи мутахассисларни сертификатлаш тартиби жорий этилади.

2024 йил 1 январдан объектларда давлат назорати, буюртмачининг техник назорати, ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати тадбирларини тегишли йўналишлар бўйича махсус билим ва сертификатга эга мутахассислар томонидан амалга ошириш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарорга кўра, қуйидагиларни «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига киритиб бориш мажбурий ҳисобланади ва маълумотларнинг жамоатчилик учун очиқлиги таъминланади:

  • қурилиш объектлари устидан давлат назорати;
  • буюртмачининг техник назорати;
  • ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати;
  • пудратчининг ички назорати тадбирлари;
  • уларда аниқланган камчиликлар ва нуқсонлар;
  • уларни бартараф этиш тўғрисидаги маълумотлар.

Эслатиб ўтамиз, 21 март ва 23 март кунлари Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида кучли зилзила сезилганди.

21 март куни зилзилага қадар Ўзбекистондаги Android қурилмаларнинг кўплаб эгаларига ерости силкинишлари эҳтимоли борлиги ҳақида огоҳлантириш келган. Google ушбу тизимни 2020 йил ёзида ишга туширган бўлиб, орадан бир йил ўтиб Ўзбекистон учун ҳам ишлай бошлаган. Унинг қандай ишлаши ҳақида бу ерда батафсил ўқиш мумкин.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистон олимлари ўтмишда бир қанча зилзилаларни аниқ башорат қилгани, аммо нега ҳаммасини башорат қилиб бўлмаслиги ҳақида олимлар билан суҳбатлашганди.