Тошкент вақти билан 01:07 да Тожикистоннинг Сўғд вилоятида зилзила содир бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ахборот хизмати.

Зилзила координаталари: 39,39 градус шимолий кенглик; 69,93 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=6. Чуқурлик 15 км. Зилзила эпицентри Тошкентдан 217 км жануби-шарқда.

Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи:

  1. Сирдарё вилоятида 5 балл, 157 км.
  2. Фарғона вилоятида 5 балл, 192 км.
  3. Жиззах вилоятида 5 балл, 198 км.
  4. Тошкент шаҳрида 5 балл, 217 км.
  5. Наманган вилоятида 4−5 балл, 232 км.
  6. Самарқанд вилоятида 4−5 балл, 256 км.
  7. Андижон вилоятида 4−5 балл, 257 км.
  8. Сурхондарё вилоятида 4 балл, 335 км.
  9. Қашқадарё вилоятида 4 балл, 363 км.
  10. Навоий вилоятида 4 балл, 398 км.
  11. Бухоро вилоятида 4 балл, 474 км.

Орадан бироз вақт ўтиб, афтершок қайд этилди. 01:36 да Тожикистоннинг айнан шу ҳудудида 3,6 магнитудали ер силкинишлари содир бўлди. Зилзила эпицентри чуқурлиги 15 кмни ташкил қилди. У Тошкентдан 215 км жануби-шарқда жойлашган бўлиб, иккинчи тўлқин Ўзбекистон ҳудудларида сезилмади.

Эслатиб ўтамиз, 21 март, сешанба куни кечқурун ҳам Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида кучли зилзила сезилганди. Ер силкинишлари горизонтал характерга эга бўлиб, бирмунча давом этган. Зилзила эпицентри Афғонистонда (6,6 магнитудали) бўлган.

Шу куни зилзилага қадар Ўзбекистондаги Android қурилмаларнинг кўплаб эгаларига ерости силкинишлари эҳтимоли борлиги ҳақида огоҳлантириш келган. Google ушбу тизимни 2020 йил ёзида ишга туширган бўлиб, орадан бир йил ўтиб Ўзбекистон учун ҳам ишлай бошлаган. Унинг қандай ишлаши ҳақида бу ерда батафсил ўқиш мумкин.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистон олимлари ўтмишда бир қанча зилзилаларни аниқ башорат қилгани, аммо нега ҳаммасини башорат қилиб бўлмаслиги ҳақида олимлар билан суҳбатлашганди.