Олий Мажлис Сенатининг 1 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардияга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарларни маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатларини беришни назарда тутувчи қонун маъқулланди.

Ҳужжатга кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг юрисдикциясига ўтказилади:

  • 63-модда (Ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш маҳсулотини қабул қилиб олиш);
  • 72-модданинг 1 ва 4-қисмлари (Сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларда сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш, сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузишга оид қисмида, бундан ер ости сувларига доир ҳуқуқбузарликлар мустасно);
  • 79-модданинг 1 ва 3-қисмлари (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш);
  • 88-модда (Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик, бундан битум эритиш чоғида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик мустасно);
  • 90-модданинг 1-қисми (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш);
  • 91-модда (Саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишга оид қисмида);
  • 91−1-модданинг 1, 2 ва 3-қисмлари (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш);
  • 91−2-модда (Санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиш).

ички ишлар органлари, миллий гвардия, экология

Бундан ташқари, Миллий гвардия ходимлари 161-модда (Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) бўйича ишларни ҳам кўриб чиқади.

Қонунга киритилган ўзгартишлар билан бу ишларни кўриб чиқиш ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар, шунингдек, уларнинг номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ваколатига эга бўлган ички ишлар органлари ва Миллий гвардия тузилмаларининг мансабдор шахслари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг мансабдор шахсларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида муайян ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни маъмурий қамоққа олиш ваколати берилди (ИИВ учун 63, 72, 79, 88, 90, 90−1, 91, 91−1, 91−2, 110, 111 моддалар), Миллий гвардия учун 63, 72, 79, 88, 90, 901, 91, 91−1, 91−2 моддалар).

Қайд этилишича, эндиликда ички ишлар органлари ходимлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 110-моддаси (Ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш) ва 111-моддалси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) бўйича қамоққа олишлари мумкин бўлади.

Сенат раиси Танзила Нарбаева атроф-муҳит ва экологияга етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилганини, «жавобгарликни сўзсиз таъминлаш учун аниқ механизмларни ҳам белгилаб бериш зарур»лигини таъкидлади.

«Зеро, айбдор шахсларга нисбатан ўз вақтида жавобгарлик чораларини қатъий қўлланилмаслиги уларда қонун талабларига беписандликни ва қонунчиликда белгиланган „жавобгарликнинг муқаррарлиги“ принсипи бузилишини ҳам келтириб чиқаради», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қонуннинг кучга кириши ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларидан ҳам алоҳида масъулият талаб қилади.

«Бу соҳада маъмурий ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва мутаносиб жавобгарликни белгилаш — янги йўналиш. Бунда ҳам соҳага оид билимларни ошириш, ҳам бу турдаги ҳуқуқбузар шахслар билан ишлаш кўникмасини ривожлантириш керак бўлади», — деди парламент юқори палатаси раҳбари.

Асослантириш

ички ишлар органлари, миллий гвардия, экология

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органларига 39 та маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва чора кўриш ваколати берилгани қайд этилган.

Ички ишлар органларига экологияга доир фақат 2 та (123-модда — Транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш, 161-модда — Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) маъмурий ҳуқуқбузарликни аниқлаш, расмийлаштириш ва маъмурий жазо чорасини қўллаш ваколати берилган бўлиб, амалда бу фаолият билан йўл-патруль хизмати ва профилактика инспекторлари шуғулланади.

Экологияга доир маъмурий ҳуқуқбузар-ликларга қарши курашиш амалиётига кўра, 2021 йилда 189 323 та маъмурий ҳуқубузарлик аниқланган бўлса, шундан 143 899 таси ёки 76 фоиз ички ишлар, 45 424 таси ёки 24 фоиз экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан аниқланган.

Худди шунингдек, 2022 йил 2 ойида 24 637 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, шундан 18 492 таси ёки (75 фоиз) маъмурий ҳуқуқбузарлик ички ишлар, 6 145 та (25 фоиз) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан аниқланган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг куч воситалари етарли эмаслиги сабабли, жамоат жойларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлашда қийинчиликлар юзага келмоқда, дейилади асосда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 248-моддасига ички ишлар органларининг экология соҳасида назоратни амалга оширувчи бўлинмаларига қўшимча ўрганишлар олиб борилишини ва махсус техника воситалари қўлланишини талаб этмайдиган, шунингдек, ҳуқуқбузарлик аломати яққол кўриниб турган 9 турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённома тузиш, шундан 6 турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича жазо чорасини қўллаш ваколатини бериш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра патруль-пост хизмати ходимлари ўзи аниқлаган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш ва воқеа тафсилотларини расмийлаштириш учун патруллик йўналишидаги ҳудудларни номаълум муддатга ташлаб кетишга (ўртача кунлик ҳисобда, хизмат олиб бориш вақтининг 25−30 фоиз) ҳамда ҳуқуқбузар фуқарони мажбурий тартибда ички ишлар органига келтиришга ҳамда профилактика инспекторига топширишга тўғри келмоқда.

Бундай тартиб фуқаролар учун ҳам сунъий равишдаги ноқулайликлар, оворагарчилик ва зиддиятларни туғдиришига ва турли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, профилактика инспектори хизмат вазифалари юзасидан таянч пунктида доимо бўла олмаслиги ёки ИИБда тунги вақтда, навбатчи хизматлардан ташқари, ишламаслиги туфайли айрим ҳолларда ҳуқуқбузарликларга тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилмай қолмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга патруль-пост хизмати ходимларига тўғридан-тўғри хизмат олиб бориш ҳудудида аниқланадиган, ҳолат билан яққоллик билан ажралиб турадиган, расмийлаштириш учун махсус билимларга эга бўлиш талаб этилмайдиган 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни жойида махсус дастурий-техник таъминот ўрнатилган электрон қурилма (планшет) орқали маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган органга (мансабдор шахсга) юбориш ваколати берилиши таклиф этилмоқда.