Марказий банк банкларни устав капитали энг кам миқдор бўйича янги талабларга жавоб бермаса, лицензияларини қайтариб олиши ҳақида огоҳлантирди, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, 2023 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар банклар устав капиталининг энг кам миқдори босқичма-босқич оширилади:

  • 100 млрд сўм — 2023 йил 1 сентябргача;
  • 200 млрд сўм — 2023 йил 1 сентябрдан;
  • 300 млрд сўм — 2024 йил 1 апрелдан;
  • 500 млрд сўм — 2025 йил 1 январдан.

Марказий банк банкларга устав капиталини кўрсатилган миқдорларга етказиш ва янги талабларга жавоб бериш бўйича тавсиялар берганини маълум қилди.

Регулятор янги талабларни бажариш учун устав капитали етарли бўлмаган банкларга бошқа банклар билан қўшилишни тавсия қилди. Акс ҳолда, банк фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензия бекор қилиниши мумкин.

1 май ҳолатига кўра, саккизта банкнинг устав капитали уч ойдан кейин кучга кирадиган энг кам устав капитал бўйича талаб — 200 миллиард сўмдан кам. Бу банклар Madad Invest Bank, «Пойтахт банк» (149 млрд), Ravnaq-bank (127 млрд), Uzum bank (108 млрд), Apex Bank (100 млрд), Smart Bank (99 млрд), Hayot Bank (-0,2 млрд) ва «Узагроэкспортбанк» (32 млрд).

Молиячи Отабек Бакировнинг айтишича, «Ўзагроэкспортбанк» ташкил этилганидан буён ўз капиталининг етарлилиги бўйича (100 миллиард сўм) талабларини бажармаган. Ўтган йил охирида Олим Шодиевнинг Support Level компанияси банкни 5 миллион долларга хусусийлаштирган бўлса-да, ҳалигача капиталини керакли даражага етказмаган.

Унинг фикрича, Марказий банк биринчи навбатда ҳамма учун тенг қоидаларни қўллаши ва барча бозор иштирокчилари томонидан қонунчиликка риоя этилишини таъминлаши керак. Акс ҳолда, бошқа банклар ҳам қоидаларга риоя қилмайди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Эркин Гадоев апрель ойида қонунга киритилган ўзгартишларни маъқуллар экан, мазкур норманинг киритилиши пруденциал меъёрларни (банк ўзининг барқарор фаолиятини таъминлаш учун бажариши керак бўлган муҳим миқдор) халқаро стандартлар билан мувофиқлаштиришини таъкидлаган эди. Хусусан, гап банкларнинг тўлов қобилияти, ликвидлиги ва рентабеллиги учун етарли маблағ билан таъминлаш ҳақида борганди. Сенаторнинг фикрича, банкларнинг капиталлашув даражаси ва ресурс базасини ошириш соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 17 триллион сўм миқдорида қўшимча кредитлар ажратиш учун қўшимча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратади.

Таҳлилчи Карен Срапионовнинг фикрича, банкларнинг минимал капиталини ошириш бозорни консолидация қилиш истаги билан боғлиқ бўлиши мумкин ва банк тизими манфаатларига энг яхши тарзда жавоб бермайди.