Жиззах вилоятидаги Тузкор Айдар-Арнасой кўллар тизими яқинидаги ҳудуд Ўзбекистон атом электр станциясини қуриш учун энг мақбул майдонча сифатида танланди, дея хабар қилди «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати.Фото: Яндекс.Карты.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил августидан 2019 йил мартига қадар Навоий ва Бухоро вилоятларидаги Тўдакўл сув омбори яқинидаги тўртта, Жиззах вилоятида Тузкон кўли яқинидаги битта майдончада АЭС қурилиши учун комплекс муҳандислик-қидирув ишларининг биринчи босқичи ўтказилди.

Қидирув ишлари натижалари, муҳандислик-техник ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан Жиззах вилоятидаги Тузкор Айдар-Арнасой кўллар тизими яқинидаги майдонча атом электр станцияси қурилиши учун танлаб олинди.

Бугунги кунда иккинчи босқич — танланган майдончани лицензиялаш ва тасдиқлаш учун муҳандислик-қидирув ишлари давом эттирилмоқда.

Лойиҳани амалга оширишни бошлашни тезлаштириш учун 17 май куни «Росатом» корпорацияси инжиниринг дивизиони таркибига кирувчи «Атомстройэкспорт» корхонаси билан муҳандислик-қидирув ишларини ўтказиш ва техник лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзоланди.