Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарада учта назорат-ўтказиш пунктини (НЎП) очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Kaktus.Media нашри хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда қирғиз сегментида ўзбек томони Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги деворни бузаётгани акс этган видео пайдо бўлди. Маълум бўлишича, видео Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ва Ўзбекистоннинг Андижон вилояти чегарасида тасвирга олинган.

Қирғизистон чегара хизмати Ўзбекистон томони 2010 йилда бир томонлама равишда фаолиятини тўхтатган «Бек-Обод-Хонобод» НЎПдаги деворни бузаётгани ҳақида хабар берди. Ўшанда Ўш вилоятидаги «Қорасув» ва «Кара-Багиш» постлари ҳам ёпилган эди.

Мазкур пунктларнинг барчаси тез орада очилади. Қирғизистон томони фуқароларнинг ушбу пунктлар орқали ўтишини тиклашга тўлиқ тайёр, дейилади хабарда.

2010 йилнинг март ойида Ўзбекистон Ўш вилоятининг Аравон тумани ва Андижон вилоятининг Марҳамат туманини боғловчи йирик «Қорасув-Автодорожний» ўтказиш пунктини бир томонлама ёпиб қўйгани ҳақида хабар берилган эди. Чегара яқинида яшовчи Қирғизистон аҳолиси НЎПдан нафақат автомобиллар, балки пиёдалар ҳам ўтказилмаслигини айтишганди. Ўзбекистондан Қирғизистонга автомашинада ўтмоқчи бўлганлар «Қорасув» НЎПдан 25 км узоқликда жойлашган «Дўстлик-автодорожний» НЎПдан фойдаланишлари керак эди.

Ўтган йилнинг апрель ойида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев 2022 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларида қўшимча 3−4 ўтказиш пункти очилиши режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

Қирғизистон президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги директори Равшан Собиров Қирғизистон ва Ўзбекистон Жалолобод вилоятидаги чегара зонасида (Хонобод билан чегарада) қўшимча НЎП очиш масаласи муҳокама қилинаётганини таъкидлади. Мақсад — транспорт юк оқимлари юкламасини камайтиришдан иборат.