Жорий йилда Қирғизистон Ўзбекистон билан чегарада қўшимча 3−4 та ўтказиш пункти очишни режалаштирмоқда, деб хабар берди АКИпресс.

Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазири лавозимига номзод Жээнбек Кулубаев Жогорку Кенеш депутати Элдар Сулаймановнинг Чекобод қишлоғидаги ёпилган назорат-ўтказиш пункти ҳақидаги берган саволига жавобида маълум қилди.

«Мендаги бор маълумотларга кўра, чегарани очиш учун Қирғизистонга 40 кишидан иборат Ўзбекистон делегацияси келади. Сизга бу борада ёрдам беришингизни илтимос қиламан», — деган депутат.

Жээнбек Кулубаев бу масала Қирғизистон ва Ўзбекистон бош вазирлари учрашувида кўтарилганини маълум қилди.

«Биз шартларни ҳисобга олишимиз керак, уларнинг томони қандай иш қилади ва бизники нима қилади. Биз бу масалани анчадан бери муҳокама қилмоқдамиз, бу йил 3−4 та назорат-ўтказиш пунктини очиш учун шароит яратамиз», — дея қўшимча қилган Кулубаев.