Арманистон ва Озарбайжон бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олишга келишиб олди. Бу ҳақда Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг Москвадаги ЕОИИ йиғилишидаги баёнотига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.

«Шу асосда биз муносабатларимизни тартибга солиш йўлида муваффақиятларга эришмоқдамиз», — деди сиёсатчи.

Ўз навбатида, «Боку ва Ереван ўртасида тинчлик келишувига эришиш имконияти бор, айниқса, Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида расман тан олганини ҳисобга олсак», — деди Озарбайжон президенти Илҳом Алиев. Шунингдек, у Озарбайжоннинг Арманистонга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлигини қўшимча қилди.

Аввалроқ Никол Пашинян Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида агар Боку Тоғли Қорабоғдаги арманларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилса, Арманистон бу ҳудудни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишга тайёрлигини маълум қилганди.

Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматлари май ойи бошида Тоғли Қорабоғ бўйича можарони ҳал қилиш жараёнини жадаллаштирган: икки давлат ташқи ишлар вазирлари Вашингтон ва Москвада, давлатлар раҳбарлари эса Брюсселда ҳукумат фаоллари — Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель назорати остида учрашган.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ учун можаро 1980 йилларнинг охиридан бери давом этиб келади. 2020 йил сентябрь ойи охирида вазиятнинг навбатдаги кескин кескинлашувидан сўнг Ереван Тоғли Қорабоғнинг бир қисмини Боку назоратига қайтаришга рози бўлган, томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида битим имзолаган.