Туркманистондаги «Галкиниш» газ конида газни олтингугуртдан тозалаш мосламалари ишламай қолди. Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи «Марказий Осиё — Хитой» газ қувури линиясидан катта миқдорда олтингугурт билан ифлосланган газ чиқиб кетди, дея хабар берди turkmen.news портали яқинда «Туркменгаз» концернидаги манбасига таяниб.

Нашрнинг ёзишича, 17 майга ўтар кечаси Хитойнинг CNPC компанияси мутахассислари Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида товар газида олтингугурт борлигини аниқлаган. Текширувда газ қувурига тозаланмаган газ қуйилиб, бир неча кундан бери Хитойга юборилгани аниқланган.

Сайт олтингугуртли газ қувурларга зарар етказаётгани ва бир неча кун давомида газ қувурининг Ўзбекистондан ўтган 80 км лик қисмида сизиб чиқишлар қайд этилгани ҳақида ёзди. CNPC гўёки Туркманистондан воқеага жавоб беришни ва айбдорларни жазолашни талаб қилган. Келгусида Хитой томони гўёки товон ундириш ниятида.

Turkmen.news нашрининг ёзишича, газ тозалаш иншоотларининг ишдан чиқишига реактивлар ва эҳтиёт қисмларнинг ўз вақтида харид қилинмагани, мутахассислар етишмаслиги сабаб бўлган.

«Газета.uz» сўровига кўра, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги газ сизиб чиқиши ҳолати ҳақидаги маълумотни рад этди.

«Биз томондан транзит жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда. Барча кўрсаткичлар мунтазам равишда текширилади. Ҳеч қандай узилишлар йўқ. Бизнинг тизимларимизда айтилган сизиб чиқиш йўқ. Барча тизимлар ишламоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

2023 йилнинг январь ойида аномал совуқлар туфайли юзага келган носозлик натижасида «Галкиниш» конидан Ўзбекистонга газ етказиб бериш қ 10арийб кунга тўхтаб қолган эди. Энергетика вазирлиги Ўзбекистон газ таъминотидаги узилишлар учун компенсация талаб қилганини рад этди.

«Газета.uz» Статистика агентлигидан олган маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 11 ойи (январь-ноябрь) давомида Ўзбекистон Туркманистондан 154,2 млн долларга 2,26 млрд куб метр газ сотиб олган. Декабрь ойида етказиб бериш ҳажми 127,7 млн долларни ташкил этган (жами 2022 йил учун — 281,9 млн доллар, бу 2021 йилга нисбатан 82,5 фоизга кўп). Ўша ойда президент Администрацияси раҳбари Ашхободга ташриф буюриб, президент Сердар Бердимуҳамедов билан учрашган ва қишки мавсум учун 1,5 млрд куб метр газ етказиб бериш бўйича шартнома тузган эди.