Самарқанд вилояти Самарқанд тумани «Жойи Сой» маҳалласида фуқаро Ф.Х. ўз уйининг бир қисмини бузиб, унинг ўрнида 12 қаватли меҳмонхонани (видео) ноқонуний тарзда қураётгани аниқланди. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бино 2 қават ертўлага ҳам эга. «Ушбу қурилиш учун Самарқанд тумани ҳокимининг қарори ёки туман қурилиш бўлимининг рухсатномаси ва архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) мавжуд эмас», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари:

  • муҳандислик геологияси, лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган ҳамда тасдиқланмаган;
  • белгиланган тартибда шаҳарсозлик кенгашидан ўтмаган;
  • меҳмонхона мажмуаси объекти бош режасини натурага кўчириш далолатномаси расмийлаштирилмаган (ШНҚ 3.01.01−03`нинг 2.4 банди бажарилмаган);
  • қурилиш объектида фойдаланилган қурилиш материалларининг талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги паспорт ва сертификатлари тақдим этилмаган;
  • Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (3.01.01−03) 7.8, 9.9 бандларига асосан ёпиқ ишларни гувоҳлаш далолатномалари тақдим этилмаган.

Юқоридаги камчиликлар мавжуд бўлса-да, қурилишга рухсат берувчи бошланғич шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳолда қурилиш-монтаж ишлари конструкциялар битгандан сўнг, лойиҳа ҳужжатлари «Констант проект» МЧЖ томонидан тўлиқсиз ишлаб чиқилган.

«Триумф Проект» МЧЖ хусусий экспертиза ташкилоти томонидан тўлиқ бўлмаган лойиҳа ҳужжатларида бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар ҳам мавжуд эмас. Шунингдек, Ҳукумат [15-сон] қарорига зид равишда 2018 йил 24 мартда ижобий хулоса берилган.

«Қурилиш давомида ҳудудий инспекция ходимлари томонидан бир неча бор қурилишни тўхтатиш бўйича кўрсатмалар берилган бўлса-да фуқаро Ф.Х. тамонидан иш ўзбошимчалик билан давом эттирилган», — дейилади вазирлик хабарида.

Меҳмонхона қурилиши объекти бўйича махсус лицензияга эга SVP MASKAN МЧЖ мутахассислари томонидан 2016 йилда бинонинг техник ҳолати ўрганилиб, ригел ва темир бетон рамаларни кучайтириш учун лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш бўйича хулоса берилган. Ушбу кучайтириш бўйича тегишли лойиҳа ишлаб чиқилмаган ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган.

Самарқанд вилояти Қурилишда ҳудудий назорат инспекцияси раҳбари Саъдулла Зиёдуллаевнинг маълум қилишича, «ушбу қурилиш 2012 йилдан бошлаб қурилган».

«Қурилиш бўйича бир неча бор туман ҳокимлиги, Қурилиш назорат инспекцияси томонидан ҳужжатлаштириш тўғрисида огоҳлантиришлар берилган. Лекин ушбу огоҳлантиришларга қарамасдан қурилиш ишлари давом эттирилган. Қурилиш бўйича ҳеч қандай лойиҳа сметалари мавжуд эмас. Қурилиш ноқонуний ҳисобланади. Хавфлилик даражаси бўйича „Ўзоғирсаноатлойиҳа“ АЖ хулосаларини олдик», — дейди у.

«Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ ва ҳудудий инспекция ходимлари томонидан 6 май куни бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, «Ўзоғирсаноатлойиҳа»нинг хулосасига асосан бино талабларга жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлиги ўз тасдиғини топган ҳамда бинони бузиш бўйича хулоса берилган, дейилади Қурилиш вазирлиги маълумотида.

Вазирликнинг матбуот котиби Саидносир Усмоновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бинони бузиш бўйича якуний қарор суд томонидан қабул қилинади.