Япониянинг Хиросима шаҳрида «Катта еттилик» (G7) саммити якунига етди. Уч кун давомида — 19 майдан 21 майгача — АҚШ, Япония, Канада, Буюк Британия, Германия, Италия ва Франция раҳбарлари турли мавзуларни, жумладан, Украинадаги уруш ва сунъий интеллект масаласини муҳокама қилишди. «Газета.uz» саммитнинг асосий натижалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтади.

Украина

Саммитда Украина президенти Владимир Зеленский шахсан иштирок этди ва унда нутқ сўзлади. Саммит доирасида у G7 етакчилари ва G7га таклиф этилган яна саккиз давлат раҳбарлари билан учрашди.

Якуний коммюникеда G7 етакчилари Украинани «қачон керак бўлса» «доимий қўллаб-қувватлашини» эълон қилди. Ҳужжатда айтилишича, G7 давлатлари Украинага дипломатик, молиявий, гуманитар ва ҳарбий ёрдамни кучайтириш мажбуриятини олган.

АҚШ президенти Жо Байден Зеленский билан учрашувдан сўнг Украинага янги 375 млн долларлик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Бу ёрдам HIMARS учун қўшимча ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари, Javelin ва АТ-4 танкга қарши тизимлари ва бошқа жиҳозларни ўз ичига олади.

Саммитнинг асосий янгилиги АҚШ украиналик учувчиларни Американинг F-16 самолётларини бошқаришга ўргатишини маъқуллагани бўлди. Бу қарор иттифоқчиларга ушбу самолётларни Украинага юбориш имконини беради. Аввалроқ Украина АҚШдан F-16 ни топширишни бир неча бор сўраган, бироқ рад жавоби берилган эди.

Хитой

Саммитда Украина мавзуси устунлик қилган бўлсада, G7 етакчилари кутилмаганда Хитой бўйича ҳам баёнот беришди. Улар Хитойнинг «ривожини орқага суришга» интилмаганликларини қайд этишди, бироқ «халқаро қоидалар асосида ўйнашга» чақирдилар.

G7 давлатлари «муҳим таъминот занжирларимизда [Хитойга] ҳаддан ташқари тобеликни камайтиришга» ваъда беришди, шунингдек, Хитойнинг «нобозор» сиёсати ва глобал иқтисодиётга зарар етказаётган амалиёти туфайли юзага келган муаммоларни ҳал қилишга тайёр эканликларини билдирдилар — бу биринчи навбатда «технологияларнинг ноқонуний узатилиши» ва «маълумотларни ошкор қилиш»га тегишли.

G7 етакчилари Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизларидаги вазиятдан ҳам «жиддий хавотир» билдиришди. Улар «кво-мақомни куч ёки мажбурлаш йўли билан ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай бир томонлама уринишларга» қарши эканликларини билдирдилар ва Тайван бўғозидаги вазиятни «тинч йўл билан ҳал қилишга» чақирдилар.

Бундан ташқари, «Катта еттилик» Хитойни Россияга «ҳарбий тажовузни тўхтатиш» ва қўшинларини Украинадан олиб чиқиб кетиш учун «босим кўрсатишга» чақирди.

Бунга жавобан Хитой Ташқи ишлар вазирлиги G7нинг якуний расмий баёнотини «қатъий қоралади» ва Хитой «бир неча киши томонидан ўрнатилган қоидаларни ҳеч қачон қабул қилмаслигини» таъкидлади.

Россияга қарши санкциялар

G7 Россия ва унинг асосий саноат тармоқларида ишлаётган Россия фуқароларига нисбатан санкцияларни кенгайтиришга ваъда берди.

«Биз Россияни G7 технологиясидан, саноат ускуналаридан ва унинг ҳарбий машинасини қўллаб-қувватловчи хизматлардан маҳрум қиламиз», — дейилади баёнотда.

G7 етакчилари «учинчи давлатлар билан ўзаро алоқада эканликларини, улар орқали Россияга чекланган G7 товарлари, хизматлари ёки технологиялари етказиб берилишини» айтишди. Шунингдек, улар учинчи давлатлар томонидан Россияга қурол етказиб берилишига қарши курашни кучайтириш ниятида ва уларга қарши чоралар кўрилишига ишонтиришган.

Саммит давомида АҚШ расмийлари Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилиб, 100 дан ортиқ компания, ўнлаб жисмоний шахслар ва 1000 дан ортиқ товарларни қора рўйхатга киритди.

Сунъий интеллект

G7 етакчилари қўшма баёнотда сунъий интеллект ва метаборлиқ каби иммерсив технологиялар жадал ривожланаётганига қарамай, улардан фойдаланиш ва амалда қўлланилишини тартибга солувчи халқаро қоидалар «улар билан қадамма-қадам бормаётганини» тан олишди.

Улар янги технологиялар барча соҳаларда ривожланиш ва инновациялар учун имкониятлар тақдим этса-да, уларнинг афзалликлари билан бир қаторда, муаммоларини ҳам ҳисобга олиш кераклигини таъкидладилар.

Баёнотда айтилишича, янги технологиялар «умумий демократик қадриятлар, жумладан, жавобгарлик, хавфсизлик, онлайн таъқиблардан ҳимояланиш, шахсий дахлсизликка ҳурмат ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш асосида бошқарилиши керак.