Сурхондарё вилояти Музработ туманида ИИБ ходими қўл-оёғи боғланган эркакка куч ишлатгани, унинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётгани хабар қилинганди. Вилоят прокуратураси видеолавҳа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланганини маълум қилди.

Текширув натижасига кўра, 19 май куни Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш)1-қисми, 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Музработ тумани прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатларининг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ ИИВ расмий изоҳида жабрланувчи маст ҳолатда бегона аёлнинг тинчини бузгани, чақирувга асосан борган ходимга қаршилик қилгани, шунингдек, ходимни қўпол сўзлар билан ҳақоратлагани билдирилганди.