2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига давлат қарзи 26,2 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг «Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи»да маълум қилинди.

Шундан, давлат ташқи қарзи — 23,16 млрд доллар, давлат ички қарзи — 3,07 млрд доллар ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 34,1 фоизни ташкил этди.

Хусусан, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2021 йил бошида 39 фоиздан (2021 йил якунида — 38 фоиз) 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 34,1 фоизгача пасайди. Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи бугунги кунда «мўътадил» даражада ҳисобланади.

давлат қарзи

Манба: Молия вазирлиги

Давлат ички қарзи

Ички қарз 2022 йилнинг дастлабки 9 ойида 336,2 млн долларга кўпайиб, 1 октябрь ҳолатига 3,1 млрд долларни (2021 йил якунида 2 729,1 млн доллар) ёки ЯИМга нисбатан 4 фоизни ташкил этди. Шундан:

  • Давлат қимматли қоғозлари — 9,3 трлн сўм;
  • Давлат кафолатлаган ва ички мажбуриятлар бўйича давлат бюджетидан қайтариладиган қарз — 2,2 млрд долларни ташкил этди.

Давлат ташқи қарзи

Ташқи қарзи қолдиғи 2022 йилнинг 9 ойи давомида 410,9 млн долларга камайиб, 1 октябрь ҳолатига 23,2 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 30,1 фоизни ташкил этди.

Шундан Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган ташқи қарз — 17 млрд долларни ёки давлат ташқи қарзининг 73,4 фоизини; давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз — 6,2 млрд долларни ёки давлат ташқи қарзининг 26,6 фоизини ташкил этди.

2022 йил III чораги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 28,4 фоизи ёки 6,6 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб- қувватлашга, 12,6 фоизи ёки 2,9 млрд доллари энергетика саноатига, 11,5 фоизи ёки 2,7 млрд доллари электр энергетика саноатига, 10,4 фоизи ёки 2,4 млрд доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 10,6 фоизи ёки 2,5 млрд. АҚШ доллари қишлоқ ва сув хўжалигига, 9,5 фоизи ёки 2,2 млрд доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

давлат қарзи

Манба: Молия вазирлиги

Давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши

Ўзбекистоннинг халқаро молиявий институтлардан (ХМИ) жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 11,3 млрд долларни ёки давлат ташқи қарзининг 48,7 фоизини ташкил этиб, мазкур кредитлар узоқ муддат ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган.

Халқаро молия институтларидан жалб қилинган давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,4 млрд доллар), Жаҳон банки (4,4 млрд АҚШ доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этиш керакки, давлат ташқи қарзининг манбалари диверсификацияси таъминланган бўлиб, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (ХҲМТ) ҳиссасига давлат ташқи қарзи қолдиғининг 9,3 млрд доллари ёки 40,1 фоизи тўғри келади.

давлат қарзи

Ўзбекистоннинг асосий кредиторлари Хитой эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келиб, асосан турли инвестицион дастурларни давлат кафолатлари остида молиялаштирилиши учун қарз маблағлари жалб этилган.

Кредиторлар олдидаги қарздорлик бўйича харажатлар давлат корхоналари томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш натижасида тушган маблағлар ҳисобидан сўндирилади.