Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ)нинг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси 17 май куни Ўзбекистонга келди. Ташрифдан мақсад 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгариги президент сайловига тайёргарлик жараёнлари билан танишиш, деб хабар бермоқда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.

Ташриф доирасида миссия вакиллари ЕХҲТ ДИИҲБ Сайлов департаменти раҳбари Меган Фицджеральд ҳамда сайловлар бўйича маслаҳатчиси Ксения Дашутцина Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев билан учрашди.

МСК маълумотига кўра, учрашувда миссия вакилларига муддатидан илгари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан миллий сайлов қонунчилиги ва тасдиқланган календарь режа асосида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

«Мулоқотда ДИИҲБ сайловларни кузатиш миссияларининг Ўзбекистонда ўтказилган сайловлар натижалари бўйича якуний хулосаларида келтирилган тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига имплементация қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида, шу жумладан, Конституциявий ислоҳотлар доирасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди», — дейилади хабарда.

ЕХҲТ ДИИҲБ методологияси бўйича Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси томонидан баҳолаш муайян сайлов олдидан амалга оширилади ва сайловолди ҳолатига бериладиган баҳо ҳамда миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мослиги натижаларидан келиб чиқиб, сайловни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, кузатиш шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарурий сони ҳақида қарор қабул қилинади.

Миссия вакиллари мамлакатда сайлов тартиб-тамойилларининг такомиллаштирилиши бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди ҳамда бўлажак сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтишига ишонч билдирди, дейилади МСК хабарида.

Ташриф доирасида миссия вакиллари қатор вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашишни режалаштирган.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссиялари Ўзбекистонда ўтказилган барча сайловларни кузатиб боради. Бундай миссия яқинда қайта кўриб чиқилган Конституция бўйича ўтказилган референдумда ҳам иштирок этди. Биз унга берилган хулосалар ҳақида ёзгандик.