Марказий Осиё иқтисодиёти 2023 йилда ўртача 5,2 фоизга ўсади ва Россиядан корхоналар ҳамда жисмоний шахсларнинг кўчирилиши, бошқарувнинг яхшиланиши, экспорт ҳажмининг ошиши ва пандемиядан сўнг Хитойнинг «очилиши» туфайли келгуси йилда ҳам ўсишда давом этади. Бу ҳақда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) янгиланган минтақавий шарҳида сўз борган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Марказий Осиё давлатлари «Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ геосиёсий жиҳатдан ноқулай ўзгаришларга бардош бера олган». Минтақа иқтисодиётларининг аксарияти халқаро фирмаларнинг Россия бозоридан чиқиб кетиши сабабли пайдо бўлган бўшлиқни ўз маҳсулотларини етказиб бериш орқали тўлдириб, Россия билан савдони мустаҳкамлаган.

Марказий Осиёга хориждан пул ўтказмалари ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди, бу эса банклар фойдасининг кўпайишига олиб келди. Пул ўтказмаларининг ўсиши, ЕТТБ маълумотларига кўра, Россияда ишчи кучига бўлган талаб ва рублнинг мустаҳкамланиши билан боғлиқ.

Россия фирмалари ва жисмоний шахсларининг кўчиши чакана савдо, кўчмас мулк ва меҳмонхона соҳаларида ҳам талабни оширди.

2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида, ЕТТБ маълумотларига кўра, умумий ўсиш 5,7 фоизни ташкил этди, бу ташқи ва ички талаб шароитларининг яхшиланганидан далолат беради. Мамлакатда товар ва хизматлар экспорти 15,9 фоизга ошди. Айниқса, тўқимачилик, мевалар, мис қувурлар ва электр жиҳозларини етказиб бериш (асосан Россияга) ўсди. Пул ўтказмаларининг ўсиши ички талабни рағбатлантирди.

Аввалроқ «Газета.uz» ўтган йили Ўзбекистонга рекорд даражада — 16,9 миллиард долларлик ўтказмалар келиб тушгани, унинг 85 фоизи Россияга тўғри келгани ҳақида ёзган эди.

ЕТТБ мамлакат иқтисодиёти 2023 ва 2024 йилларда хорижий инвестициялар, компаниялар ва жисмоний шахслар оқими, шунингдек, яхши бошқариладиган хусусийлаштириш ва ишбилармонлик муҳити ислоҳотлари ҳисобига 6,5 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда.

Бироқ экспертлар Россиянинг Украина билан урушининг янада авж олиши ва пул жўнатмаларининг қисқариши иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Марказий Осиё ва Кавказ бўйича прогнозни эълон қилган эди. ЕТТБдан фарқли ўлароқ, ХВЖ жорий йилда минтақа мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатларининг 4,2 фоизгача пасайишини башорат қилмоқда. ХВЖ маълумотларига кўра, минтақа истиқболлари ташқи омилларга мустаҳкам боғланган.