2022 йилда Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2,1 баробарга ошиб, рекорд даражадаги 16,9 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда 26 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди, дея хабар беради «Газета.uz» мухбири.

пул ўтказмалари

Манба: Марказий банк.

Унинг сўзларига кўра, ўтказмаларнинг 85 фоизи ёки қарийб 14,5 млрд доллари Россияга тўғри келади, бу 2021 йилга нисбатан 2,6 баробар кўпдир.

«Биз ўзимизнинг монетар кўрсаткичларимизнинг монитор қарашларимизда бу 17 млрд [доллар]нинг ҳаммасини ўзимизда ички ялпи талабни шакллантиришга хизмат қилади, дея олмаймиз. Биз 11,5−12 млрд [доллар] атрофидаги ушбу пул ўтказмаларини бизда ялпи талабнинг шаклланишида таъсир кўрсатувчи омил сифатида оламиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бу фарқ Қирғизистон ва Тожикистонда 2022 йил давомида маълум миқдорда нақд валюта тақчиллиги юзага келгани, шу сабабли банкларда айрим чекловлар жорий этилгани билан боғлиқ. Бундай шароитда мазкур давлат фуқаролари Ўзбекистонга валюта ўтказиб, Ўзбекистон банклари орқали нақд пул олиб чиқишган.

«Энди буни рақамлар билан ифодалаш маълум бир жиҳатдан бизга мушкул. Чунки бизда пул ўтказмаларини тарқатаётганда қайси давлат фуқаросисан, деб фуқаролиги сўралмайди. Ўша юборилган код бўйича… Лекин биз бу нарсани доимо кузатиб боряпмиз. Қайси маънода. Қўшни давлатларга чегараолди ҳудудларга ўтаётган, кириб келаётган фуқаролар сонини ўзгаришига қараб», — дея тушунтирди у.

пул ўтказмалари

Аҳолидан валюта сотиб олиш, жисмоний шахсларга валюта сотиш, шунингдек, кўрсаткичлар орасидаги фарқ. Манба: Марказий банк.

Пул ўтказмалари оқимининг ортиши фонида валюта операциялари кўрсаткичлари ҳам ошди. Январь-декабрь ойларида банклар томонидан аҳолидан 11,9 млрд долларлик валюта харид қилинди, бу 2021 йилга нисбатан 4,8 млрд доллар ёки 1,7 баробар кўпдир. Шу билан бирга, жисмоний шахслар 8,9 млрд долларлик валюта сотиб олди, бу ўтган йилга нисбатан 4,3 млрд доллар ёки деярли икки баробар кўпдир.

Умуман олганда, таклиф ҳажми талабдан 2,9 млрд долларга ошди (2,5 млрд долларни ташкил этган).

Ўзбекистондан бошқа давлатларга ўтказилган пул ўтказмалари ҳажми 29 фоизга ошиб, 2,1 млрд долларни ташкил этди. Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, қабул қилувчи мамлакатлар таркибида «ҳеч қандай фундаментал ўзгаришлар» йўқ.

«Асосан, булар Туркия, Хитой, яъни „чельночний савдо“ атамаси боғланган давлатлардир. АҚШга пул ўтказмалари кўпайди. Фуқаролари даволаниш учун борадиган Ҳиндистон ҳам бор», — деди у.

Июль ойида Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистонга пул жўнатмаларининг кескин ошганини бир қанча сабаблар билан изоҳлаган эди. Улар орасида пул жўнатиш бўйича илгари қайд этилмаган каналларни қонунийлаштириш ҳамда «лўли почтаси»нинг чекланиши, нақд пулдаги экспорт тушумининг ўсиши ва бошқалар бор.