Ижтимоий тармоқларда Андижон ва Навоий вилоятларида аҳоли ҳамда табиркорлар қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хусусан, журналист Руслан Сабуров Навоий вилоятининг қатор туманларида юқорида айтиб ўтилган ҳолат юз бераётганини билдирган.

Унинг ёзишича, Кармана туманининг «Малик» маҳалласида одамлар кредит олиш ҳисобига ўз хонадонига қуёш панелларини ўрнатишга мажбур қилинмоқда. Бошқа туманлардан ҳам шу масалада мурожаатлар кела бошлаган.

«Уйлар ташкилотларга тақсимланибди. Улар мажбурловчи ролини бажаришади бу ўринда. Умуман олганда, қуёш панеллари ёмон нарса эмас, яшил энергия. Ҳар бир хонадон ўзини ўзи электр энергия билан таъминласа, бунинг нимаси ёмон, шундай эмасми? Фақат саллани олиб кел деса, каллани олиб бориш керакмас-да. Ҳозиргина „Микрокредитбанк“ Кармана филиали вакили қўнғироқ қилиб қолди. Бизнинг уй ушбу ташкилотга бириктирилган экан. Кредит берамиз, дадангиз кўнмаяпти, тушунтиринг дейди. Кредит керак эмас, имкон бўлганида ўзимиз қўйиб оламиз, дедим. Йўқ, кўнмайди. „Бизни ҳам мажбурлашяпти-да, вилоят ҳокимлигидан, туман ҳокимлигидан“, дейди. Нима эмиш, кредит олиб, томга қуёш панели ўрнатишимиз керак экан. Кредит олмасдан ўрнатаман десам, 2 кунда ўрнатасизми, дейди яна. Аста масаланинг ичига „мўраласам“, ўрнатиб берувчилар ҳам тайёр экан…», — деб ёзган журналист.

У, шунингдек, нега айнан битта ўрнатиб берувчи танлангани, олдин шунақа хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини кўпайтириб қўйиш, нарх ва сифат масаласида танлаш имкониятини яратиш кераклиги масаласига тўхталган.

андижон, навоий, қуёш панеллари

«Оддий одамда ҳам ҳисоб-китоб бўлади: 25 млн сўм атрофида кредит берамиз деяпти, унинг фоизи ҳам бор. Хўп, ўша 25 млн сўмлик қуёш панели қанча электр энергия бера олади ва у қанча уй жиҳозларини электр энергияси билан таъминлай билади? Қанча муддат ишлаб бера олади ва ҳоказо. Буни ким тушунтиради ва кафолат беради? Товуқни ҳам бойиб кетасизлар деб сотишганди, ўзлари бойиб кетди. Хуллас, бу ишлар ҳақиқий режа билан қилиниши ва одамларга тўғри тушунтирилиб, амалий кўрсатиб берилиши керак. Бунақа қилиб одамларнинг „қулоғига тепманглар“», — дейилади постда.

Навоий вилояти ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Унда таъкидланишича, президент 2022 йил 25 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган, шундан биринчи ташаббус — «вилоят электр энергиясини тежаш бўйича намуна бўлиши ва бунинг учун барча ташкилотларга 100 фоиз қуёш панеллари ўрнатилиб, барча сув насосларини самарали ишлатиш тизими йўлга қўйилиши» этиб белгиланганган.

Шунга асосан, йил бошидан буён вилоятдаги корхона ва ташкилотларга, шунингдек, аҳоли хонадонларига қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш коллекторларини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилган.

«Бу жараён ҳеч бир мажбурловларсиз, аксинча, аҳоли хонадонларига қуёш панеллари ўрнатилишининг афзалликлари, қўшимча даромад келтириши, шунингдек, ўз ташаббуси билан, ўз маблағи эвазига бундай панелларни ўрнатишни истовчиларга йўл-йўриқ кўрсатиш, истаги бору, лекин молиявий имконияти йўқ хонадон соҳибларига эса, кредит таклиф қилиш каби тушунтириш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади муносабатда.

Маълумотга кўра, ҳозирда вилоятда қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш бўйича 10 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Хусусан, маҳаллий ва бошқа (Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон) вилоятлардан келган тадбиркорлар ҳам қуёш панелларини ўрнатиш билан шуғулланмоқда.

«Бу борада эркин бозор тизими шаклланган. Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонлари ўзи хоҳлаган таъминотчи билан шартнома тузиб, қуёш панелларини ўрнатиш имкониятига эга», — дея таъкидланади баёнотда.

Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га берган маълумотига кўра, масъуллар эмас, ижрочиларнинг тарғиботни нотўғри талқин қилаётгани оқибатида шундай гаплар келиб чиқмоқда.

«Кўтарилган масалани бу нотўғри деб айланиб ўтиш, ёпиб юбориш ниятимиз йўқ эди, шунинг учун вазиятни ўргандик, номи келтирилган банк билан [гаплашиб]. Маълумот ўрнида, вилоят, шаҳар, туманларнинг сектор раҳбарлари ўз ташаббуси билан «Аёллар дафтари»да турган, ногиронлиги бор шахслар, кексаларнинг хонадонларига ўз ҳисобидан [қуёш панелларини] ўрнатиб бермоқчи», — дейди матбуот хизмати ходими.

Kun.uz нашри Андижонда ҳам тадбиркорлар қуёш панели ўрнатишга мажбурлангани ҳақида ёзди. Мақола юзасидан эса бу вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам муносабат билдирди.

«Мазкур мақолада келтирилган ҳолат, яъни қуёш панелларини ўрнатишга на аҳоли ва на тадбиркорлар мажбурланмаган. Жорий йилнинг 10 февраль куни Андижон вилояти ҳокимининг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида „Қуёш панелларини кредит асосида олишни ҳоҳлаганлар Саноатқурилишбанкдан имтиёзли кредит олиб (15 фоиз, 5 йил муддатга, 6 ой имтиёзли давр, 150 млн сўмгача) ўрнатиши мумкин“ экани айтиб ўтилган. Учрашувда қуёш панеллари ўрнатишнинг афзалликларигагина урғу берилиб, бу фақатгина тавсия сифатида айтиб ўтилганлигини маълум қиламиз», — дейилади ҳокимлик баёнотида.

Муносабатлар

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳолат бўйича ўз фикрини баён қилиб, пост қолдирди.

«Энг эзгу ва рационал ташаббуслар ҳам худо қисган ҳокимларнинг қўли билан абсурдга айлантирилиши биринчи марта эмас. Жойларда тадбиркорлик субъектларига мажбурий тарзда қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилиши учун босимлар юз бермоқда. Панелларни ўрнатишга пули йўқ бизнес вакилларига банк кредитларини ажратиш топширилган. Кредит ажратиш талаби ҳам маъмурий босим остида амалга ошмоқда. Дўппи деса, бош юлиб келинадиган кампаниябозлик барча вилоятларда давом этмоқда, лекин доимгидек Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган Андижон вилояти шу масаладаям етакчи», — деб ёзади иқтисодчи.

У тадбиркорлар қуёш панелларини ўрнатишга мажбурловда учта муаммони қайд этаётганини маълум қилди.

«Биринчидан, бизнес вакилларига уларнинг заруриятидан ортиқ панеллар ўрнатиш вазифаси топширилмоқда. Иккинчидан, таклиф этилган панеллар қимматлаштирилган ва эркин танлов мавжуд эмас. Айниқса, кредит ҳисобига сотиб олишга мажбурланаётган панеллар каррасига қимматлаштирилган. Учинчидан, тадбиркорларнинг ҳисоби бор, улар шунинг учун ҳам тадбиркор. Каррасига қимматлаштирилган ва банк кредити ҳисобига сотиб олинаётган панеллар генерацияси эртага ҳатто бозор нархларига ўтсак ҳам, тарифлар уч баробар ошсаям, 10 йилда ўзини оқламайди. Бу қанақа афзаллик ва бу қанақа муқобиллик?» — дея савол билан юзланди.

Қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилиши бўйича вазифалар фақат давлат ва бюджет ташкилотлари учун белгиланган.

«Бундаям каррасига қимматлаштирилган усулда эмас. Ҳукумат ва, хусусан, Энергетика вазирлиги бу бўйича яна бир бор тушунтириш берса бўларди. Чунки рационал ҳаракат онгли ва онгсиз равишда обрўсизлантирилмоқда ва бу иш шу тарзда давом этса, эртага аҳоли ҳатто ўз ихтиёрига қолдирилган тақдирда ҳам қуёш панелларини ўрнатишдан воз кечади», — дея оқибатлар ҳақида фикр билдирди у.

«Хатолар такрорланишда давом этаверса, бу энди хато эмас, онгли ва мақсадли ҳаракат экани кўриниб қолади», — дея қўшимча қилди иқтисодчи.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов мактаб ўқитувчилари Open Budget`да қуёш панеллари ўрнатилиши учун овоз беришга мажбур қилинаётганига эътибор қаратди. У Twitter`даги мурожаатни келтириб ўтган.

«Сўнгги 3 кунда атрофимиздаги 4 та мактабда ишлайдиган танишларим телефон қилиб, Open Budget`га бировга овоз бермай туришимни ва фақат уларга овоз беришимни илтимос қилишди. РайОНО ҳар бир мактабга қуёш панеллари учун олдиндан камида 2100 тадан кафолатланган овоз тўплаб қўйишни буюрибди. Овоз йиғолмаган мактабларда ўқитувчилар ўзлари пул йиғиб қўйишини айтишган. Энди ҳар бир номер эгасининг паспорт номерини сўрашни бошлашди. Ҳали бошланмаган Open Budget`га 2100 та номер ва паспорт серия рўйхатини экзелда жадвал қилиб ташлаш керак экан», — дейилган мурожаатда.

«РайОНОларни қачон йўқ қиласизлар, эй анавилар?! Қачон ўқитувчи зоти бу балодан қутулади?» — дейди Шокиржонов.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтказган йиғилишда аҳоли ўз хонадонида қуёш панелини ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ энергияни тармоққа сотишни таклиф қилганди. Бунда аҳоли сотган электр энергиясининг ҳар бир киловатти учун минг сўмдан берилиши режа қилинган.

Президент, шунингдек, 2025 йилгача барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилишини маълум қилган. Бунинг учун $2 млрд инвестиция жалб қилинади. Натижада 60 фоиз электр ва газ истеъмоли «яшил энергия»га ўтказилиши кутилмоқда.