11 май куни Шавкат Мирзиёев раислигида жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш аҳволи, ёз мавсумида энерготизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш борасида кўрилаётган чоралар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Президент матбуот котибининг маълум қилишича, давлат раҳбари тадбиркорлар, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларда кичик қуёш панеллари ўрнатиш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришда жойлардаги мутасаддилар томонидан оқсоқликка йўл қўйилаётганини танқид қилди.

Таъкидланишича, туманлар кесимида Сайхунобод, Когон, Жондор, Мирзаобод, Шароф Рашидов, Пахтакор, Янгиариқ туманлари, Янгиер, Урганч шаҳарлари ҳокимлари масаланинг ичига кирмаган. Ушбу туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилиши, 2 ойда ўзгариш қилмаса, ишдан кетиши белгиланди.

Йиғилишда электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа ва давлат идораларида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича Самарқанд, Жиззах, Бухоро вилоятлари яхши натижа кўрсатаётган бўлса, Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий вилоятлари анча орқада экани қайд этилди.

«Туманлар кесимида Сергели, Чилонзор, Учтепа, Нукус, Беруний, Бекобод, Паркент, Пискент, Қизилтепа, Гулистон, Сирдарё, Арнасой, Бағдод, Фурқат, Термиз, Олтинкўлда ишлар аҳволи қониқарли эмас. Тадбиркорлар билан ишлаш аҳволи ҳам бирорта ҳудудда талаб даражасида эмас. Улар томонидан 790 мегаватт қувват яратиш режа қилинган бўлса-да, бугунги кунга қадар бор-йўғи 50 мегаваттли қувватлар ишга тушган», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Айрим ҳокимлар осон йўлни танлаб, қўйилган вазифани тайёр бюджет маблағлари ҳисобидан бажаришга ўрганиб қолгани кўрсатиб ўтилди.