Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб ҳудудлардаги уй хўжаликларида кичик қувватли қуёш панелларини (умумий қуввати 50 кВтгача) ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастурини амалга ошириш бошланади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Тасдиқланган режага кўра, 2023 йилда 37 минг аҳоли хонадонларида кам қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатиш режалаштирилган.

Дастур доирасида аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1000 сўмдан субсидия ажратилади.

Субсидия ҳар ой якуни билан жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган энергия ҳажми ва тизимдан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги ижобий тафовут миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Субсидия тўловлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмайди. Субсидия солиқ органлари томонидан ҳар ойда Soliq мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади.

Жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергияси ҳажми ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кўп бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга тўлов қилинмайди.

Ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кам бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича тўловлар истеъмол қилинган ва узатилган электр энергияси фарқидан келиб чиқиб ҳисобланади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» томонидан текинга олинган электр энергияси даромад сифатида ҳисобга олинмайди.