2023 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда ипотека бозори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,2 фоизга ўсди, дейилади Марказий банк шарҳида.

1 апрель ҳолатига кўра, ипотека кредитлари қолдиғи 12 ой давомида 10,6 трлн сўмга кўпайиб, 37,6 трлн сўмдан 48,2 тлрн сўмга (2022 йил якунлари бўйича 46,4 трлн сўм эди) ўсди. Бу аҳолига берилган барча кредитларнинг (109,4 трлн сўм) қарийб ярми (44%) дегани.

иккиламчи бозор, ипотека кредитлари, марказий банк

Биринчи чоракда, гарчи ипотека олувчилар сони ўтган йилнинг биринчи чорагидаги қарийб 18 мингдан 15,1 минг нафарга (шартномалар умумий сонидан 25 фоизи) камайган бўлса ҳам, банклар томонидан берилган ипотека кредитлари ҳажми қарийб 3,26 трлн сўмни (+15,3 фоиз) ташкил этди. Шу билан бирга, квартираларни сотиш бўйича тузилган шартномалар сони 55,2 мингтадан қарийб 61,6 мингтага (+11,5%) ошди.

Эътиборлиси, биринчи чоракда ипотека кредитлари асосан — 1,22 трлн сўми — иккиламчи бозорда уй-жой сотиб олиш учун олинган, бу ўтган йилга нисбатан 3,3 баробар кўпдир. Янги бинолардан квартира сотиб олиш учун ипотека кредитлари ҳажми 2,46 трлн сўмдан 2,03 трлн сўмга (-17,3 фоиз) камайди.

Ипотека кредитларининг 1 трлн сўмдан зиёдроғи сўми (58 фоизи) 1 ва 2 хонали квартира, 576,5 млрд сўми
эса (33 фоизи) 3 ва ундан кўп хонали квартираларни, шунингдек, 159 млрд сўми (9 фоизи) якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун берилган.

Ипотека кредитларини бериш асосан давлат томонидан молиялаштирилди — 1,73 трлн сўм (+7,8%). Банклар томонидан ипотека кредитларига инвестициялар ҳажмини ошириш давом этмоқда — 764 млрд сўм.

Давлат томонидан ҳам молиялаштириладиган «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» (UzMRC) ҳисобидан 521,3 млрд сўм маблағ йўналтирилди, бу 2022 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 12,8 баробар кўпдир. Кескин ўсиш ўтган йил бошида ипотека кредитларига бўлган талабнинг юқорилиги ва ОТБ маблағларининг бир йил аввал 150 млн долларга ўзлаштирилиши туфайли UzMRC кредитларни қайта молиялаштиришни тўхтатиб қўйгани билан боғлиқ.

Ўсиш нима билан боғлиқ?

2023 йилнинг дастлабки уч ойида уй хўжаликларининг ипотека кредитларига бўлган талаби юқорилигича қолди. Марказий банк буни қуйидаги омиллар билан изоҳлайди:

  • асосий иқтисодий кўрсаткичлар сезиларли ўсишни кўрсатди: ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 5,5 фоизга, аҳоли жон бошига реал ЯИМ ўсиши — 3,3 фоизга, асосий капиталга инвестициялар — 3,1 фоизга;
  • аҳолининг реал даромадлари 10,8 фоизга ўсди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 фоиз даражага кўпдир;
  • республикада қурилиш ишлари ҳажми 4,5 фоизга ошди;
  • ипотека кредитларини бериш тартибини соддалаштириш, шу жумладан, бошқа жисмоний шахсларни биргаликда қарз олувчилар сифатида жалб қилиш ҳуқуқини бериш ва қарз юки кўрсаткичига қўйиладиган талабларни бекор қилиш.

Банкларнинг улуши ва шартлари

Ипотека кредитлари қолдиғи 1 январь ҳолатида 48,2 трлн сўмни ташкил этиб, унинг 86,8 фоизи 2017−2022 йилларда ажратилган.

Ушбу сумманинг 25,3 фоизи (26,2 фоиз эди) «Ипотека-банк» ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринларда «Қишлоқ қурилиш банк» — 20,6 фоиз ёки 9,9 трлн сўм (21,4 фоиз ёки 10 трлн сўм эди), Ўзмиллийбанк — 15,7 фоиз ёки 7,5 трлн сўми (15,8 фоиз ёки 7,3 трлн), «Ўзсаноатқурилишбанк» 8,9 фоиз ёки 4,3 трлн (7,9 фоиз ёки 3,7 трлн), Халқ банки — 7,3 фоиз ёки 3,5 трлн (7,3 фоиз ёки 3,4 трлн), «Асакабанк» 6,7% ёки 3,2 трлн (7% ёки 3,2 трлн) бормоқда. Бошқа банкларнинг улуши 14,4 фоиздан 15,5 фоизгача ошган.

Узоқ муддатли ипотека кредитларининг улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада ошди. 1 апрель ҳолатига кўра, 20 йилгача муддатга берилган ипотека кредитлари улуши 3,8 фоиз даражага ўсиб, 74,4 фоизни ташкил этган бўлса, 15 йилгача бўлган кредитлар улуши 23,3 фоиздан 17,3 фоизга камайган. Марказий банк тенденцияни банклар ўз маблағлари ҳисобидан 20 йилдан кам муддатга ипотека кредитлари ажратаётгани ва унинг асосий қисми 10 йилгача бўлган кредитлар (5,6 фоиздан 7,8 фоизга ўсиш)га тўғри келиши билан изоҳламоқда.

Банклар ҳам тез-тез 400 млн сўмдан ортиқ ипотека беришни бошлади, уларнинг улуши 12,7 фоиз (+8 фоиз кўрсаткичи), 300−400 млн сўмлик кредитлар — 5,6 фоиз (+3,3), 200−300 млн сўмликлари — 4,7 фоизни (+2,9) ташкил этди.

400 млн сўмдан ортиқ давлат ипотека кредитларининг улуши 5,5 фоиз (+2,5), 300−400 млн сўмликлари — 22,6 фоиз (+3,9), 200−300 млн сўмликлари — 32 фоизни (-10,7) ташкил этди.

Ипотека ҳудудлар кесимида

иккиламчи бозор, ипотека кредитлари, марказий банк

Берилган ипотека кредитларининг қарийб учдан бир қисми анъанавий тарзда Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди — 1 трлн сўм. Кейинги ўринларни Тошкент вилояти — 9 фоиз (292,7 млрд сўм), Навоий — 7,3 фоиз (237,4 млрд сўм) ва Самарқанд — 7,1 фоиз (230 млрд сўм) эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида президент аҳолини ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлаш дастурини тасдиқлаган эди. 1 майдан бошлаб банкларга расмий даромади бўлмаган фуқароларга ипотека кредити бериш, ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган ставкаларни белгилаш, қурилаётган уйни гаровга қабул қилиш ва бошқаларга рухсат берилди.