Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкентда бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати вақтида юз берган оммавий муштлашув ҳақидаги маълумотни рад этди.

Украинанинг Tribuna нашри журналисти Андрей Розанов аввалроқ турнирда томошабинлар трибунадан сакраб, бир йўналишда югураётгани акс этган видеолар ҳамда уларнинг қўлларида бир неча жуфт янги бокс қўлқоплари кўтарилган суратини эълон қилган эди. Материалларни Telegraf.com.ua нашри турнир давомидаги тартибсизликлар ҳақидаги изоҳ билан бирга қайта нашр қилди, унда «бокс қўлқопларини ўғирлаш эҳтимоли» ҳолатлари қайд этилди.

Ўзбекистон ИИВ хабарига кўра, 13 май куни жаҳон чемпионатининг навбатдаги куни якунида ташкилотчилар томонидан томошабинларга чарм қўлқоплар бепул тарқатилган.

«Мухлислар бир-бирларига навбат бермасдан тартибсиз ҳаракат қилганлар. Тадбир ташкилотчилар томонидан қисқа фурсатда тартиб тикланиб, жамоат тартибини бузилишига йўл қўйилмаган», — дейилади хабарда.

Тадбир давомида ҳозир бўлган «Газета.uz» суҳбатдоши ўша куни қўлқопларни текин тарқатиш ташкил этилганини тасдиқлади. Акцияда жаҳон чемпионатида иштирок этаётган боксчилар ҳам иштирок этишган.

Эслатиб ўтамиз, 30 апрель — 14 май кунлари Тошкентда бокс бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон тўққизта медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади, беш нафар боксчи жаҳон чемпиони бўлди.