8 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашув ўтказди. Давлат рахбарининг матбуот котиби унинг сўзларидан иқтибос келтирди.

У нутқи аввалида 30 апрель куни ўтган Конституция бўйича референдум мамлакат ҳаётида ҳеч шубҳасиз том маънодаги улкан тарихий воқеа бўлганини айтди.

«Биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Референдумда иштирок этган фуқароларимизнинг мутлақ кўпчилиги „Бу — менинг Конституциям“, деб ғурур билан овоз берди. Референдум кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганини амалда кўрсатди. Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз бундан олти йил олдин бошлаган ислоҳотларимизга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди», — дея таъкидлади президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ушбу жараёнда умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошлар фаол ва муносиб иштирок этганини эътироф этди.

«Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол ва муносиб иштирок этдилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор», — деди Шавкат Мирзиёев.

Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, «инсон — жамият — давлат», деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз!", — дея қўшимча қилди у.

Йиғилишда аҳолининг референдумдаги овози, билдирган юксак ишончи барчага катта масъулият юклаши, халқни рози қилиш учун ҳукуматни янги марраларга ундаши, ислоҳотларни жадал давом эттиришда янада катта куч-ғайрат ва илҳом бағишлаши таъкидланди.

«Ўзининг юксак фуқаролик бурчини чин дилдан адо этиб, Асосий қонунимизни қабул қилишда амалий таклиф ва ташаббуслари, ғоя ва фикрлари билан фаол иштирок этган кўп миллатли, мард ва олижаноб халқимизга таъзим қиламан», — деди президент.