6 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши бўйича судланган, ҳозирда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида («Тоштурма» номи билан машҳур) сақланаётган шахслар билан учрашди.

Мониторинг давомида омбудсман вакиллари ҳибсхонада бир қатор камчиликлар мавжудлигини аниқлади. Хусусан, айрим камераларда санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эмаслиги, сақланаётган шахсларга сайр учун етарли вақт берилмаётгани ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича айрим эътирозлар билдирилди.

Ушбу салбий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига омбудсман талабномаси киритилди.

Аввалроқ Нукус воқеалари бўйича биринчи судланган 22 нафар маҳкумдан 16 нафари дастлабки инстанция судининг қарори устидан апелляция шикояти бергани ҳақида хабар берилганди. 5 май куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов коллегиясида апелляция шикояти бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди, бироқ асосий айбланувчи Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров келмагани сабабли суд жараёни бошланиши кейинга қолдирилганди.

Апелляция Тошкент шаҳрида кўриб чиқилаётгани сабабли (биринчи суд жараёни Бухорода бўлиб ўтган) маҳкумлар 1-сонли тергов ҳибсхонасига ўтказилган.

Мониторинг ташрифи давомида ушбу айбланувчилар сақланаётган камераларга, хусусан, Даулетмурат Тажимуратов сақланаётган камерага ҳам ташриф буюрилди. Улар билан жамоавий ва якка тартибда ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилди.

«Унда ҳибсхонадаги сақлаш шароитлари ва озиқ-овқат таъминотидан эътирозлари йўқлигини маълум қилишди. Тажимуратов ҳам адвокати ва ҳимоячиси билан учрашувларга рухсат берилаётганини, бироқ ҳибсхона ходимлари унга ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарли даражада тушунтиришмаганликлари, шу боис ҳибсхона ходимларига нисбатан айрим эътирозларини билдириб ўтди», — дейилади хабарда. Суд жараёнида у тергов ҳибсхонасидаги тартиб-қоидалар тўғрисидаги низом билан таъминланмаганини айтган.

Омбудсман матбуот хизматининг маълумотларга кўра, Даулетмурат Тажимуратов 1-сон тергов ҳибсхонасига олиб келинганидан сўнг ташриф кунига қадар ҳимоячиси, яъни укаси Ренат Тажимуратов билан 7 маротаба ва адвокати Сергей Майоров билан 2 маротаба ҳоли тарзда учрашган.

Аввалроқ Даулетмурат Тажимуратов омбудсманни танқид қилиб, Бухородаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва жамоат ташкилотлари вакиллари бошқа айбланувчилар билан учрашганини, лекин у билан ҳеч қачон учрашмаганини таъкидлаганди. 5 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида у тергов ҳибсхонаси омбудсман ва Бош прокурорга хатларини жўнатмаётганини ҳам қайд этганди.