Марказий сайлов комиссияси қонунда белгиланган талаблардан келиб чиқиб муддатидан илгариги Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишларини бошлади, дея хабар бермоқда комиссия матбуот хизмати.

8 май куни Шавкат Мирзиёев «Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси президенти сайловини тайинлаш тўғрисида»ги фармонини имзолади. Ҳужжатга кўра, Конституциянинг 110 ва 128-моддалари ҳамда Сайлов кодексининг 66-моддасига асосан 9 июль кунига муддатидан илгари президент сайлови тайинланди.

Шу муносабат билан 10 май куни соат 11:00 да Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтади. Унда муддатидан илгари президентлик сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланиши эълон қилинади.

Бундан ташқари, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатларини белгилаш масалалари кўриб чиқилади. Мажлис МСКнинг YouTube платформаси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев бундай қарор нима учун зарурлигини 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашувда тушунтириб берганди. Ҳозирги президентлик муддати 2026 йилда тугаши керак эди.

«Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечяпман? Чунки ўзингиз кўриб турибсиз, асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда», — деганди давлат раҳбари.