Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек, президент ваколатларига ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда парламент томонидан маъқулланган янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳасида келтириб ўтилган.

Таклиф этилаётган лойиҳада Бош қомуснинг моддалари сони амалдаги Конституциядаги 128 тадан 155 тагача оширилган.

Парламент

Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сонини 5 тадан 12 тага, Сенатникини 14 тадан 18 тага ошириш таклиф этилмоқда. Президентнинг ижро ва суд ҳокимияти тизимини шакллантириш соҳасидаги амалдаги ваколатларининг бир қисми парламентга ўтади.

Палаталарнинг қўшма юрисдикциясига коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий ҳисоботни эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини ўтказиш каби ваколатлар киритилади.

Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ваколати президентга ўтказилиши режалаштирилганди, бироқ якуний таҳрирда бу норма парламентда қолдирилди.

Олий Мажлис палаталари фаолиятидаги функцияларнинг такрорланишига барҳам берилмоқда. Хусусан, бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш, давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатаси раисининг ҳисоботини эшитиш каби ваколатлар Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланяпти.

Қуйи палата, шунингдек, президент таклифига биноан бош вазир номзодини кўриб чиқади ва тасдиқлайди (энди бу масала иккала палатанинг биргаликдаги юрисдикциясида бўлади).

Ўз навбатида, Сенат президент тақдимига биноан коррупция ҳамда ва монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларини сайлаш, бош прокурор, Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни тасдиқлаш, элчиларнинг ҳисоботларини эшитиш ваколатига эга бўлади, шунингдек, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг назорат ваколатларини кучайтира олади.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига президент томонидан тавсия этилган номзод бўйича президент ва Сенат ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш тартиби белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Кенгашларнинг қонун ҳужжатлари нормаларига мос келмаган тақдирда, Сенат қарорларини бекор қилиш ҳам Конституцияга киритилган.

Сенат аъзолари сонини 100 нафардан 65 нафарга қисқартириш режалаштирилган, шу сабабли 2024 йилда навбатдаги чақириқда ҳар бир вилоятдан 4 нафардан (ҳозирги 6 та сенатор ўрнига) сенатор сайланади. Президент тайинлаши мумкин бўлган сенаторлар сони 16 тадан 9 тага қисқаради.

Қонунчилик палатаси ва Сенат депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмининг кўпчилик овози билан ўз-ўзини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли бўлади.

Президент

Янги қонун лойиҳасига кўра, президент фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Конституция ва қонунларга, Ўзбекистон суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига риоя этилишининг кафолатчиси ҳисобланади.

Бундан ташқари, Конституцияда президентнинг янги ваколатларини бирлаштириш режалаштирилмоқда:

  • вазирликлар ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ва тугатиш, кейинчалик ушбу масалалар юзасидан қарорларни Сенат тасдиғига киритиш;
  • ўз ваколатларини амалга оширишни таъминлаш мақсадида президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини шакллантириш ва унга раҳбарлик қилиш, президент Администрациясини, шунингдек, президент ҳузуридаги маслаҳат ва бошқа органларни шакллантириш.

Бундан ташқари, президент вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларини бош вазирнинг розилигисиз тайинлаши ва лавозимидан озод этиши мумкин.

Президент Ўзбекистон давлат раҳбари сайловини муддатидан олдин белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.

Бош вазир номзоди фақат Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган партия билан эмас, балки барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлардан сўнг президент томонидан таклиф этилади.

«Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов аввалроқ ҳокимият тармоқларининг ҳаққоний бўлиниши ва репрезентатив демократиянинг мустаҳкамланиши бўйича ўзгартиришлар етишмагани бўйича ўз фикрлари билан бўлишганди.