Президент Шавкат Мирзиёев 4 май куни Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб 2024 йил 1 июлга қадар тажриба тариқасида туроператор хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига улар томонидан 5 ва ундан ортиқ хорижий сайёҳга хизматлар кўрсатишида ҚҚСнинг 20 фоизи қайтарилади. Бунда турпакет жойлаштириш, автомобиль ёки темир йўл транспорти, экскурсия ва овқатланиш бўйича хизматларни қамраб олиши керак.

2026 йил 1 майга қадар маҳаллий туроператорлар, йўловчиларни жойлаштириш ёки ташиш билан шуғулланувчи туристик компаниялар ҳайдовчи билан бирга 10 ва ўндан ортиқ ўриндиққа эга автобусларни олиб киришда ҚҚСни 12 ой давомида фоизсиз ва шартсиз тўлаши мумкин бўлади. Гап ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8702 10, 8702 40, 8702 90) ҳақида бормоқда.

2023 йилда Ўзбекистон туризм маҳсулотини хорижий бозорларда тарғиб қилишга 50 млрд сўм йўналтириш кўзда тутилган. Шунингдек, 1 июнга қадар халқаро туризм ва маркетинг платформаларида реклама харажатларини қоплаш тартибини тасдиқлаш топширилди.

Ҳужжатга кўра, музей ва театрларнинг дам олиш ва байрам кунларида, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун қулай вақтларда ишлаши таъминланади.

Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 8 ва ундан ортиқ ўринли йўловчи ташиш транспорти харид қилиш учун 300 миллион сўмгача кредит маблағлари ажратилади. Шунингдек, сайёҳлик компанияларининг айланма маблағлари ва инвестицияларини кўпайтириш учун қўшимча 300 миллиард сўмлик кредит линиялари очилади.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги тоғли йўлларда ва Жиззах вилояти довонларида туристик автобуслар ва микроавтобусларнинг ҳаракатланишига рухсат берилган. Президент март ойида ўтказган йиғилишда 10 апрелдан хавфсизлик чораларини кўриб, Қамчиқ довони орқали туристик микроавтобус (15 кишигача), Жиззах довони, Чимён ва Чорвоқда туристик автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат берилиши таъкидланган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти аввалроқ ички туризм бўйича сўров ўтказганди. Респондентларнинг ярмидан кўпи оилалари билан саёҳат қилишни афзал кўришларини айтган. Асосий муаммолар қаторида йўллар сифати, нархлар, сув, интернет ва санитария пунктлари саналган.