10 апрелдан Қамчиқ ва Жиззах довонлари, Чимён ва Чорвоқда туристик автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат берилади, деб хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бунда хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда Қамчиқ довони орқали 15 кишигача туристик микроавтобусларга рухсат этиш назарда тутилган.

Шунингдек, темир йўл ва автотранспорт соҳасида:

  • 1 июнгача 34 та замонавий электричка сотиб олиш бўйича тендерлар якунланиб, йил охирига қадар камида 8 таси олиб келинади;
  • 1 апрелдан туроператор, меҳмонхона ва ташувчиларга 10 ва ундан ортиқ ўриндиқли ҳамда ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган автотранспортни олиб киришда божхона имтиёзлари берилади;
  • 2023 йилда сайёҳлик ташкилотларига ушбу автобусларни олиш учун 30 миллион доллар кредит ресурслари таклиф қилинади.

Бундан ташқари, сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналарга айланма ва инвестицияни кўпайтириш учун қўшимча 300 миллиард сўмлик кредит линиялари очилади. Бу кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмини Тадбиркорлик жамғармасидан қоплаш тартиби жорий қилинади.