Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) Ўзбекистонда ички туризмнинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш мақсадида ўтказилган онлайн сўров натижаларини эълон қилди. Март-апрель ойларидаги ўрганишларда 1032 киши иштирок этди (46,7 фоиз аёллар ва 53,3 фоиз эркаклар), деб хабар берди МҲТИ матбуот хизмати.

мҳти, ички туризм, туризм

Респондентларнинг ярмидан кўпи ёки 58,5 фоизи мамлакат бўйлаб қанчалик тез-тез саёҳат қилишлари ҳақида сўралганда, улар буни йилига камида бир марта, шунингдек, 33,5 фоизи йилига бир марта, 16,6 фоизи 3 ойда бир марта, 8,3 фоизи ойига бир марта саёҳат қилишларини айтди.

Респондентларнинг 32,3 фоизи саёҳат қилишни ва Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларини кўришни хоҳлашини билдирган. Респондентлар пул маблағларининг етишмаслиги (24,7%) ва бўш вақт камлиги (27%)ни чекловчи омиллар деб атаган.

Респондентлар асосан оила (51,5%) ва дўстлар (26%) билан саёҳат қилишни афзал кўради.

Зиёрат (53,7%), тоғ курорти (52,7%), маданий-маърифий (36,4%), соғломлаштириш (35,8%) ва пляжлар (35,4%) туризмнинг энг жозибадор турлари сифатида қайд этилди. Ёшлар орасида (35 ёшгача) экстремал спорт, фестиваль туризми ҳамда агротуризмга қизиқиш ортиб бормоқда.

Респондентлар мамлакат бўйлаб саёҳат қилишда туроператорлар хизматларига мурожаат қилмасдан, мустақил равишда саёҳат қилишни афзал кўришади. Йилига камида бир марта ички саёҳатларни амалга оширадиган респондентларнинг 52,6 фоизи уларни ўзлари ташкил қилишларини айтди.

Респондентларнинг 67,7 фоизи дам олиш жойини танлашда танишлар, дўстлар ва қариндошларнинг тавсияларига асосланишини, 50 фоизи ижтимоий тармоқлар, 31 фоизи эса махсус сайтлардан фойдаланишини таъкидлади.

Ички туризм муаммолари

Сўров доирасида Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишда турли омиллардан қониқиш даражаси баҳоланди (5 балли тизимда). Унинг асосида экспертлар муаммоларнинг 3 гуруҳини уларнинг аҳамиятига кўра аниқлади:

I. Энг долзарб омиллар: йўлларнинг сифати (бу омилни респондентларнинг 74,8 фоизи қайд этган), меҳмонхонада нархлари (71 фоиз) ва транспорт (69,3 фоиз), сув таъминотидан қониқиш (69,3 фоиз), интернетга уланишдан қониқиш (68,8%), транспорт харажатлари (67,8%) ва санитария пунктлари мавжудлиги (66,6%).

II. Ўрта аҳамиятга эга бўлган омиллар: туристик хариталар ва маълумотларнинг мавжудлиги (65,3%), транспорт топиш (64,1%), умумий овқатланиш жойларида гигиена ва санитария (62,5%), электр энергияси таъминоти (61,5%)

III. Бошқа омиллар: Интернетдан диққатга сазовор жойлар ҳақида маълумот топиш (60,1%), меҳмонхона хизмати (57,7%), меҳмонхона топиш (57,2%) ва овқатланиш жойларини топиш (50%).