3 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (ВМҚ-183-сон) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар 2023 йилдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» порталида овоз бериш йўли билан аниқланади.

Ҳар бир маҳаллада умумий қиймати 8 млрд сўмдан ошмаган ҳамда таркибида бир нечта тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган лойиҳалар пакети шакллантирилади.

Дастурлар доирасида жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёни — ҳар йили ноябрь-декабрь ойларида (2023 йил учун, истисно тариқасида, 2023 йил май ойида) ўтказилади.

Жараён 3 та босқичда ташкил этилади:

  • 1-босқичда — порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади;
  • 2-босқичда — шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади;
  • 3-босқичда — саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.

Ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар) овоз бериш жараёни бошланишидан аввал кенг жамоатчиликка эълон қилинган ҳолда қуйидаги усуллардан бири орқали аниқланади:

  • лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб;
  • аҳолиси сони кам бўлган маҳаллаларга (қишлоқларга) тузатиш коэффициентини қўллаган ҳолда лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб.

Овоз бериш жараёни якунларига кўра ҳар бир туман (шаҳар) учун жамғармада шакллантирилган маблағлар доирасида энг юқори кўрсаткични эгаллаган лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилади.

Бунда лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилиши учун камида 100 та овоз тўплаши лозим.

Овоз бериш якунлангандан сўнг 3 кунда ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилади ҳамда жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича туман (шаҳар) сахсус комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан 3 кунда лойиҳалар учун манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар ўтказиб берилади.

Ҳар йил якунлари бўйича жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ жараёнларда фаол иштирок этган фуқаролар рағбатлантириб борилади.

Эслатаб ўтамиз, 17 апрелдан Open budget порталида «Менинг йўлим» лойиҳасининг 2023 йилги мавсуми учун аризалар қабули бошланганди. Лойиҳага 312 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Киритилган таклифлар учун овоз бериш жараёни 28 апрелдан 7 майга қадар ўтказилади.

Маълумот учун, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2023 йилдаги 1-мавсумига овоз бериш 7 апрелда якунланган. Жами 1666 та лойиҳа ғолиб деб топилган ва уларни амалга ошириш учун 1,6 трлн сўмга яқин маблағлар йўналтирилиши белгиланган.