Дарахтларни рақамлаштириш лойиҳаси Ўзбекистонда 3 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда 3 май куни Сенат ялпи мажлисида табиат ресурслари вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков маълум қилди.

Сенатор Манзура Салимованинг дарахтларни хатловдан ўтказиш ва рақамлаштириш борасидаги саволига жавобан бу бўйича ишлар аллақачон бошлангани ва 3 босқичда амалга оширилиши маълум қилинди.

«Президент томонидан республикада яшиллик даражасини 8 фоиздан 30 фоизга ошириш вазифаси қўйилган. Биринчи босқичда сунъий йўлдошлар суратлари таҳлилидан фойдаланиб, „Яшил индекс“ — яшиллик даражасини аниқлаш режалаштирилган. Ҳозир бу ишларни Сирдарё вилояти тажрибасида олиб боряпмиз», — деди у.

Иккинчи босқич аэросуратларни шакллантириш учун Кадастр агентлиги билан ишлашни ўз ичига олади.

«Ҳозирги кунга қадар Сирдарё вилоятининг 3D форматдаги 6000 дан зиёд фотосурати олинди. Бу орқали дарахт турларини сифат жиҳатдан аниқлаш ишлари олиб борилмоқда», — дейди у.

Учинчи босқичда анъанавий усулда, яъни дала шароитида ўрганиш ёрдамида дарахтларни инвентаризация қилиш режалаштирилган.

«Сирдарёга тўрт ой вақт кетди. Бу жуда кўп вақт ва ресурсларни талаб қилди. Шунинг учун биз вазирлигимизнинг трансформацияси бўйича янги қарорни тайёрлаяпмиз, унда аниқ муддат ва маблағларни кўрсатиб ўтдик», — деди у.

Жусипбек Казбеков, шунингдек, қурилиш объектларида дарахтлар кесилиши ва дарахтлари бор ерларни қурилиш учун ажратиш масалаларига ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Табиат ресурслари вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги тизимларини бирлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунда маълумотлар базаси шакллантирилади, унинг асосида маълум бир ер участкасида ўсимликлар мавжудлиги сабабли қурилиш ишларига йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш бериш мумкин.

Ўзбекистонда дарахтларни хатловдан ўтказиш ҳақида камида 2019 йил бошидан бери гапириб келинади. Ўшанда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни ҳисобга олиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиш ва 2019 йил 1 июнга қадар уларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш топширилганди. Бироқ бу вазифа ўз вақтида бажарилмаган.

2022 йил бошида президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 1 мартга қадар Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятларида, 2023 йил 1 сентябргача эса Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида давлат ўрмон фондига киритилмаган дарахтларни тўлиқ рақамлаштириш орқали инвентаризациядан ўтказиш бўйича яна топшириқ берганди. Бунда дронлардан фойдаланишга ҳам рухсат этилган.

Аввалроқ хабар берганимиздек, ушбу мажлисда сенаторлар дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жазони кучайтириш, жарима миқдорини ошириш ва 15 суткагача қамоққа олиш тартибини жорий этишни назарда тутувчи тузатишларни маъқуллаган эди. Бундан ташқари, қимматбаҳо дарахт турлари кесилишига олиб келган лойиҳаларни тайёрлаганлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этилади.