Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонуни муҳокама қилинди. Унга мувофиқ эндиликда дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорлари оширилади.

Эндиликда дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ёш ниҳолларни ноқонуний кесиш, илдизи билан суғориш, шикастлаш, нобуд қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун фуқароларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (аввал 5 бараваридан 10 бараваригача эди), мансабдор шахслар учун эса 15 бараваридан 20 бараваригача (аввал 10 бараваридан 15 бараваригача эди) жарима белгиланади.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган худди шундай ҳуқуқбузарликлар учун (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 2-қисми) фуқаролар учун жарима 15 бараваридан 25 бараваригача (аввал 10 бараваридан 20 бараваригача), мансабдор шахсларга эса 25 бараваридан 35 бараваригача (аввал 20 бараваридан 30 бараваригача эди). Бундан ташқари, ушбу қоидабузарлик учун жазолар сонига 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўшилади.

Бундан ташқари, қимматбаҳо дарахт ва бута турларини кесиш, илдизи билан суғориш, шикастлаш ёки йўқ қилишга олиб келган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 4-қисми). Ушбу қоидабузарлик мансабдор шахсларга 15 бараваридан 25 бараваригача жарима солишга олиб келади.

Шунингдек, ноқонуний дарахт кесганлик ёки кундаков қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 4 та моддасида маъмурий жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддаларда бир хил маъмурий ҳуқуқбузарлик учун турли миқдордаги жарималар ва номутаносиблик мавжудлиги инобатга олиниб, ўзгартишлар орқали бир турдаги маъмурий хуқуқбузарликка нисбатан битта моддада бир хил жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Таъкидланишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесилиши, кундаков қилиниши, шикастлантирилиши ёки йўқ қилиниши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва давлат экологик назоратининг самарали ташкил этилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.