Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 18 млн сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди.

Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Ўзбекистоннинг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш кўрсатиб ўтилди.

Мутасадди ташкилотлар, ҳокимликларга ушбу пул мукофотларини тантанали ҳамда байрамона вазиятда топшириш буюрилди.

2017 йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари учун тўланадиган мукофот миқдори 2 млн сўм, 2018 йилда 5 млн сўм, 2019 йилда 7,5 млн сўм, 2020 йилда 10 млн сўм, 2021 йилда 12 млн сўм, 2022 йилда — 15 млн сўм бўлган.