Тошкентдаги 772-сайлов участкасида референдум ўтказиш бўйича участка комиссияси аъзоси бўлган аёл кетма-кет ўн олти бюллетенни тўлдириб, «Ҳа» катагига белги қўйгани ҳолати юзасидан прокуратура ўрганиш ўтказмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссяси матбуот марказида бош прокурор ўринбосари Шоҳруҳ Аминов маълум қилди.

Унинг қайд этишича, референдум иштирокчиларидан қонун бузилиши ҳолати мавжудлигини текшириб кўриш учун жами 7 та хабар ва мурожаат келиб тушди.

Уларнинг 5 таси Тошкент шаҳри, 1 таси Самарқанд вилояти, 1 таси Наманган вилояти ҳисобига тўғри келди. 5 та қонун бузилиши ҳолати Интернет тармоғи мониторинги натижасида аниқланди, 1 таси Марказий сайлов комиссиясидан олинди, қолган 1 тасини фуқароларнинг прокуратура органларидаги 1007 рақамли ишонч телефонига мурожаатлари ташкил этди.

«Ўрганишлар натижасида қайд этилган ҳолатларнинг 4 таси ўз тасдиғини топмаган бўлса, 2 таси бўйича мурожаат этган фуқароларимизнинг талаби қаноатлантирилди. Шу билан бирга, 1 та ҳолат бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда», — деди бош прокурор ўринбосари.

Жумладан, Олмазор туманидаги 772-сонли референдум участкаси комиссия аъзоси, фуқаро Н.Т. ўзбошимчалик билан бюллетенлардан 16 донасини олиб, оила аъзолари номидан референдум қонунчилигини бузган ҳолда уларга белги қўйган. Ушбу ҳолат жойида Комиссия раиси томонидан аниқланиб, мазкур бюллетенлар бекор қилиниши таъминланган ва умумий ҳисобдан чиқарилиб, бузиб қўйилган бюллетенларга қўшилган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиш ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, эрталаб «Газета.uz» сайлов участкаларида журналистлар томонидан индивидуал қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилгани ҳақида хабар берган эди. Энг кенг тарқалган қонунбузарлик, бу — оила аъзолари учун овоз беришдир. Мухбирларимиз кузатувчиларнинг пассивлиги ёки уларнинг йўқлигига ҳам ишора қилишди.

Кейинроқ Бош прокуратура барча маълумотлар прокуратура органларига етиб бормаслигини маълум қилиб, жамоатчилик, журналистлар ва кузатувчиларни қонунбузарликлар ҳақида «1007» ишонч телефонига қўнғироқ қилиб хабар беришга чақирди.

Кечқурун МСК баъзи сайлов участкаларида «овоз бериш натижаларига таъсир қилмаслиги» мумкин бўлган қоидабузарликларни тан олди. Шу билан бирга, комиссия қонунбузарликлар ҳақидаги хабарлар орасида ишончсиз маълумотлар ҳам борлигини таъкидлади.