Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Шоҳрух Аминов Марказий сайлов комиссиясининг брифингида журналистлар ва халқаро кузатувчиларга алоҳида мурожаат қилди.

«Прокуратура органлари референдум жараёнида қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда ва бунинг учун барча саъй-ҳаракатларни рўёбга чиқармоқда», — деди у.

«Ўз навбатида, буни ҳам истисно этмаслигимиз керак — қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги ҳамма маълумот ҳам бизгача етиб келмаслиги мумкин», — деди Шоҳрух Аминов.

«Сизлар бевосита жойларда референдум участкалари ва округларида вазиятни ўрганиб, овоз берувчилар ва комиссия вакиллари билан мулоқотдасиз. Агар сизда қонун бузилиши тўғрисида бирор-бир маълумот мавжуд бўлса, уни Бош прокуратурага тақдим этсангиз, зудлик билан ўрганиб, тегишли баҳо берилишини таъминлаш чораларини кўрамиз», — дея таъкидлади бош прокурор ўринбосари.

«Биз бундай ҳамкорликка тайёрмиз», — дея алоҳида қайд этиб ўтди у.

Унинг сўзларига кўра, Бош прокуратура бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида қонунийликни таъминлаш ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўриб бормоқда.

«Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шу кунга қадар прокуратура органларига референдум жараёнида фуқаролардан 200 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларда асосан референдум қонунчилигига оид ҳуқуқий тушунтириш сўралган. Ҳуқуқбузарликларга оид хабарлар ва мурожаатлар келиб тушмади», — деди Бош прокуратура раҳбарияти вакили.

19−26 апрель кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида ҳам прокуратура органларига қонун бузилишига йўл қўйилганлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган.

«Умуман олганда, агар референдум қонунчилиги бузилганлиги ҳақида хабар ва мурожаатлар келиб тушса ёки оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бирор маълумотлар эълон қилинса, улар ўша заҳоти алоҳида назоратга олинади», — дея таъкидлади Шоҳрух Аминов.

«Бундай мурожаатлар тезкор равишда қонун доирасида мукаммал ўрганилади ва улардаги ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади», — деди у.

«Кимнинг-ки овоз бериш ҳуқуқи бузилса ёхуд фуқароларимиз референдум қонунчилигини бузиш ҳолатларига гувоҳ бўлса, зудлик билан ҳудудий прокуратура органларига ёки Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефонига мурожаат қилишларини сўраймиз», — дея илтимос қилди бош прокурор ўринбосари.

У, шунингдек, қандай ҳолатлар референдум қонунчилигининг бузилиши деб ҳисобланишини ҳам эслатиб ўтди.

Қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган:

  • референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг қарорларини бажармаслик;
  • референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш;
  • референдумни молиялаштириш тартибини бузиш;
  • референдум натижаларини эълон қилиш тартибини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Қуйидагилар учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган:

  • овоз беришнинг яширинлигини бузиш;
  • референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш;
  • овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш;
  • овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш.