Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдумда соат 17:00 ҳолатига 15 802 095 киши ёки овоз берувчи сифатида рўйхатга олинган ўзбекистонликларнинг 81,39 фоизи овоз бериб бўлди, дея маълум қилди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров соат 18:00 да бўлиб ўтган брифингда.

референдум-2023

референдум-2023

Баҳром Қўчқоровнинг қўшимча қилишича, Владивосток, Токио, Сеул, Квангжу шаҳарларидаги референдум участкаларидан ташқари Хитойнинг Пекин, Шанхай, Гуангчжоу шаҳарлари, Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳри ва Сингапурдаги референдум участкаларида ҳам овоз бериш жараёнлари якунига етган.

«Тошкент вақти билан 17:00 да АҚШнинг Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарларидаги референдум участкаларида овоз бериш жараёнлари бошланган», — дея маълум қилди МСК вакили. Бошқа хорижий мамлакатлардаги референдум участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда. Маълумот учун, референдум айнан АҚШдаги участкалар ёпилгич тўлиқ якунланади.

Баҳром Қўчқоров овоз бериш жараёнидаги қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан изоҳ бераркан, «референдум натижаларига таъсир қилмайдиган айрим камчиликлар аниқлангани»ни тасдиқлади. Жумладан, айрим участкаларда овоз берувчиларнинг рўйхатлари ўз вақтида барча танишиб чиқиши учун стендга жойлаштирилмаган, кўзи ожиз овоз берувчилар учун Брайль трафаретлари тайёрланмаган, яширин овоз бериш кабинасига оила аъзолари бирга кириб овоз беришга уриниш ҳолатлари қайд этилган.

«Интернет ва айрим ижтимоий тармоқларда референдум жараёнларига оид камчиликлар тўғрисида тарқалган хабарлар орасида, афсуски, асосланмаган ахборотлар ҳам йўқ эмас», — деди у.

МСК раиси ўринбосарининг қайд этишича, комиссия участка комиссиялари билан биргаликда ҳар бир ҳолатни ўрганиб чиқмоқда. 14-Тошкент референдум округи 129-референдум участкасида бир аёлнинг икки марта овоз бергани ҳақидаги хабар комиссия аъзолари томонидан, хусусан, камералардаги ёзувлар кўтариб ўрганилганида, ҳақиқатга мос келмаслиги маълум бўлган.

«Шу сабабли барчани, айниқса, ОАВни референдум жараёнларини холис ёритишга чақириб қоламиз», — дея қўшимча қилди Баҳром Қўчқоров.

Ўзбекистонда жойлашган референдум участкаларидаги овоз бериш жараёнлари Тошкент вақти билан 20:00 га қадар давом этади.