«Газета.uz» журналистлари Тошкентдаги бир қатор референдум участкаларида овоз бериш жараёнида қатор қоида бузилиши ҳолатлари қайд этилганини маълум қилди. Энг кўп кузатилаётган ҳолат — бу анъанавий равишда оила аъзолари ўрнига овоз беришдир. Ўтган йиллардаги кенг тарғибот ишлари шарофати билан бундай ҳолатлар кескин камайган, шунга қарамай ҳамон учраб турибди.

Шунингдек, эр-хотин участкага бирга келиб, улардан бири бошқаси учун ҳам бюллетенни тўлдириши ҳолатлари ҳам мавжуд. Комиссия аъзолари овоз берувчидан биттадан кўпроқ бюллетень топширгани, улар эса берилган бюллетенларнинг барини тўлдириб, урнага ташлаши ҳолатлари ҳам кам эмас.

референдум-2023, тошкент, қоидабузарликлар

Мухбирларимизнинг огоҳлантиришларидан сўнг комиссия раислари уларга миннатдорлик билдириб, чора кўришга ваъда берди. Баъзи участкаларда бир кишига биттадан ортиқ бюллетень бериш тўхтатилди. Журналистларимиздан бири яқинлари учун ҳам овоз бериш истагини билдирган фуқароларга участка аъзолари улар ўзлари келиб, ўзлари овоз беришлари лозимлигини тушунтирганига гувоҳ бўлди.

Бундан ташқари, мухбиримизнинг кузатувига кўра, бир участкада фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаса-да, унга овоз бериш учун рухсат берилган. Комиссия ID-картанинг электрон нусхасини шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилган.

Баъзи участкаларда журналистларни нонушта қилиб олиш ёки чой ичишга таклиф қилишган.

Мухбирлар участкалардаги кузатувчиларнинг сустлигини ҳам таъкидлади. Аксарият кузатувчилар вазиятни тўлақонли кузатиш имкони бўлмаган стол олдида шунчаки ўтирибди.

Кузатувчиларнинг соат 10:15 да бўм-бўш бўлган столи.Кузатувчиларнинг соат 10:15 да бўм-бўш бўлган столи.

Тонгда кўплаб участкалардаги кузатувчиларнинг столлари ё бўш, ёки партиялардан таклиф қилинган бир-икки кузатувчи бор эди, холос.

референдум-2023, тошкент, қоидабузарликлар

«Газета.uz»да юқоридаги ҳолатлар қайд этилган участкалар ҳақида маълумотлар бор.

Таъкидлаш жоиз, Марказий сайлов комиссияси раҳбари Зайниддин Низомхўжаев МСКнинг 9:00 даги брифингида қилган чиқиши чоғида шу вақтгача овоз бериш жараёнида қоидабузарликлар қайд этилмаганини маълум қилган эди. Соат 11:00 да журналистлар олдида ҳисобот берган ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ҳам шу вақтгача ИИВ референдумда овоз бериш жараёнида қоида бузилиши ҳолатлари юз бергани ҳақида маълумотлар келиб тушмаганини билдирди.

Овоз бериш жараёнидаги қоида бузилиши ҳолатлари ҳақида МСКнинг 1200 қисқа рақами ёки ички ишлар органларининг 102 рақами орқали хабар бериш мумкин.