1 май куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистонда ўтган референдумнинг якуний натижаларини эълон қилди. Комиссия раҳбари Зайниддин Низомхўжаев ўтказилган брифингда аниқланган жиддий қонунбузарликлар туфайли Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги учта сайлов участкасида овоз бериш натижалари бекор қилинганини маълум қилди. Шу муносабат билан овоз бериш натижаларига «кичик ўзгартиришлар» киритилди.

Референдумда сайловчиларнинг 84,5 фоизи қатнашган (аввал 84,54 фоиз деб хабар берилганди). Рўйхатга киритилган 19 722 809 сайловчидан 16 667 097 нафари (16 673 189 нафари) овоз берди. Улардан 611 320 нафари муддатидан олдин овоз беришда қатнашди.

Овоз беришда қатнашган фуқароларнинг 90,2 фоизи (90,21 фоизи) ёки 15 034 608 нафари (15 040 055 нафари) ёқлаб, 9,35 фоизи ёки 1 558 817 нафари (шунингдек 9,35 нафари) ўзгаришга қарши овоз берган. Яроқсиз деб топилган бюллетенлар сони 73 672 та (73 934 та) ёки 0,44% ни ташкил этди.

Қонунга кўра, Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказилгандан кейин 10 кундан кечиктирмай ўз қарорини расмий веб-сайтда ва расмий манбаларда эълон қилади. Референдумда қабул қилинган қарор (қонун) Марказий сайлов комиссияси референдум натижалари расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Референдум якунлари расмий эълон қилинган куни қарор ижросини ташкил этиш учун Олий Мажлис палаталари ва президентга юборилади.