Ўзбекистонда 30 апрель, якшанба куни Конституциянинг янги таҳрири масаласида умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Референдум Тошкент вақти билан соат 13:00 даёқ Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлиб ўтган деб топилди — бу вақтгача Ўзбекистонда овоз берувчилар рўйхатига киритилган (19 млн 414 минг 914 нафар) фуқароларнинг 62,24 фоизи (12 млн 83 минг 105 нафари) референдумда қатнашгани маълум қилинди.

«Газета.uz» мухбирлари кун якунида референдумнинг муҳим қисмларидан бири — овозларни санаш жараёнини бевосита кузатди. Мухбирларнинг бири Тошкентдаги 28-референдум участкасида бўлган бўлса, иккинчиси Мирзо Улуғбек туманидаги 59-референдум участкасидаги жараён гувоҳига айланди: куннинг биринчи ярмида президент Шавкат Мирзиёев ўз оила аъзолари билан бирга айнан шу участкага келиб, референдумда қатнашган эди.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

Овозлар қандай саналади?

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонундан кўчирма:

Овоз бериш тугагач, фойдаланилмаган барча овоз бериш бюллетенлари овоз бериш қутиларини очишдан олдин референдум ўтказувчи участка комиссиясининг аъзолари иштирокида санаб чиқилади ва референдум ўтказувчи участка комиссияси томонидан бекор қилинади.

Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссиясининг раиси овоз бериш тугади деб эълон қилганидан кейин референдум ўтказувчи участка комиссияси томонидан очилади. Овоз бериш тугагунига қадар овоз бериш қутиларини очиш тақиқланади. Овоз бериш қутиларини очиш навбатма-навбат амалга оширилади аввал кўчма, сўнгра стационар овоз бериш қутилари очилади.

Овозлар бевосита референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолари томонидан санаб чиқилади.

Овоз бериш бюллетенининг ҳақиқийлигига шубҳа туғилса, масала референдум ўтказувчи участка комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади. Овоз бериш бюллетенини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинса, участка комиссияси унинг орқа томонида ҳақиқий эмаслигининг сабабларини кўрсатади. Бу ёзув референдум ўтказувчи участка комиссияси камида уч аъзосининг имзолари билан тасдиқланади.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг умумий сонини, бюллетенларни олган фуқароларнинг сонини аниқлайди.

Овоз бериш қутиларидаги овоз бериш бюллетенларига асосан комиссия:

  • овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сонини;
  • референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сонини;
  • референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сонини;
  • ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенлари сонини аниқлайди.

Овозларни санаб чиқиш натижалари референдум ўтказувчи участка комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилиб, баёнда акс эттирилади. Баён раис, раис ўринбосари, комиссия котиби, комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланади ва белгиланган тартибда референдум ўтказувчи тегишли округ комиссиясига тақдим этилади.

28-референдум участкасидаги овозларни санаш жараёни

референдум-2023, фото

Ушбу референдум участкасида 1345 киши овоз берувчи сифатида рўйхатга олинган бўлиб, 30 апрель куни уларнинг 989 нафари (73,53 фоизи) овоз бериш жараёнида қатнашди.

Уларнинг 863 нафари (87,25 фоизи) Конституцияга киритилаётган ўзгартишларни ёқлаб, 104 нафари (10,51 фоизи) эса қарши овоз берган.

22 та (2,22 фоиз) бюллетень ҳақиқий эмас деб топилган. Айни вақтда, 363 та бюллетендан фойдаланилмаган (бюллетенлар ушбу участкада рўйхатга олинган овоз берувчилар сонидан 7 та ортиқ берилган).

59-референдум участкасидаги овозларни санаш жараёни

Ушбу сайлов участкасида жами 2606 овоз берувчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 2241 нафари ёки 85,99 фоизи референдумда қатнашди. Уларнинг овозларини санаб чиқиш жараёни бир соатдан ортиқ давом этди.

Ҳисоб-китоблар якунига кўра, президент ва унинг оила аъзолари овоз берган референдум участкасида 1963 киши ёки овоз беришда қатнашган фуқароларнинг 87,59 фоизи Конституцияга киритилаётган ўзгартишларни ёқлаб овоз берган.

187 киши (8,34 фоиз) ўзгаришларга қарши чиққан, 91 та (4,06 фоиз) бюллетень эса ҳақиқий эмас деб топилган. Ушбу референдум участкаси учун берилган бюллетенларнинг яна 379 тасидан фойдаланилмаган (бюллетенлар ушбу участкада рўйхатга олинган овоз берувчилар сонидан 14 та ортиқ берилган).

Жараён видеосини «Газета.uz»нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилиш мумкин.