Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири бўйича референдум бўлиб ўтган деб топилди, дея маълум қилди Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.

Соат 13:00 ҳолатига 12 млн 83 минг 105 киши ёки рўйхатга олинган жами овоз берувчи фуқароларнинг 62,24 фоизи овоз бериб бўлган. Маълумот учун, соат 10:00 ҳолатига ушбу кўрсаткич 35,13 фоиз эди.

«Фуқароларимиз референдум фаоллик билан қатнашаётганликларига гувоҳи бўлиб турибмиз», — дея қайд этди МСК раҳбарияти вакили.

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ, рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан кўпи референдумда иштирок этган бўлса, референдум ўтган деб топилади.

«Ушбу рақамлар Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий референдумни ўтган деб топишга асос бўла олади», — деди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.

референдум-2023

Соат 13:00 ҳолатига овоз бериш жараёнида қатнашган фуқаролар сони. Манба: МСКСоат 13:00 ҳолатига овоз бериш жараёнида қатнашган фуқаролар сони. Манба: МСК

Сайловчилар ягона электрон рўйхатига жами 19 722 809 нафар овоз берувчи фуқаро киритилган. Хусусан, хорижий давлатларда 307 895 нафар фуқаро киритилган.

МСК раҳбари ўринбосари фуқаролар МСКнинг 1200 қисқа рақами орқали мурожаат ва шикоятлар йўллаши мумкинлигини эслатиб ўтди (Ўзбекистон бўйича қўнғироқлар бепул).

Соат 13:00 ҳолатига фуқаролардан 148 мурожаат қабул қилинган бўлиб, улар Марказий сайлов комиссияси томонидан ўрганилмоқда. «Ҳеч қайси бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди», — деди Баҳром Қўчқоров.

«Умуман олганда, референдум амалдаги қонунчилик меъёрлари ва халқаро стандартларга тўла мос равишда ўтмоқда», — дея хулоса қилди у.