Ўзбекистон ва хориждаги референдум участкаларида соат 11:00 га кўра 6 миллион 820 минг 838 нафар фуқаро овоз берди. Бу жами овоз берувчиларнинг 35,13 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров матбуот марказида ўтказилган брифингда маълум қилди.

Мамлакат бўйлаб референдум ўтказиладиган 10 758 та участка ташкил этилган. Бундан ташқари, ҳозирга қадар 55 та сайлов участкасининг аксарияти Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида очилган.

Ҳудудлар кесимида овоз берувчиларнинг иштироки бўйича фоиз ҳисобида Андижон (40,24%) Сирдарё (39,62%) ва Жиззах вилоятлари етакчи.

референдум 2023

Овоз берувчилар сони бўйича эса Фарғона (847 132 нафар), Самарқанд (776 949 нафар) ва Андижон (685 231 нафар) вилоятларида энг кўп натижа.

референдум 2023

Баҳром Қўчқоров сайловчиларнинг «юқори сиёсий фаоллиги», жараённинг очиқлиги кузатувчилар ва журналистлар томонидан таъминланаётганини таъкидлади.

Жараённи референдум участкаларида (мамлакатнинг ҳар бир вилоятида иккитадан сайлов участкасида) камера тасвирлари эфирга узатиладиган махсус веб-сайтида ҳам кузатиш мумкин.

Сиёсий партиялар ва маҳаллалар вакилларини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий кузатувчилар сони 43 минг нафардан ортиқни ташкил этади.

«Ҳозирги кунга қадар Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган жиддий қонунбузарликлар келиб тушмаган», — деди комиссия раҳбари ўринбосари.