Бухорода эркак икки аёлга ўзига тегишли бўлмаган дўконни сотишга уринди, деб хабар қилди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Унга кўра, Бухоро шаҳри «Ж.Икромий» маҳалласида яшовчи, 1993-йилда туғилган Қ.О. 2 нафар аёлга ўзини аслида фаолияти тугатилган «Шухрат Барака Рамзан» МЧЖ раҳбари ҳамда «Мансуров Алишер» деб таништирган.

Уларга нотурар жойни (савдо дўкони) сотишни ваъда қилиб, сохта шартнома ҳамда сохта паспорт нусхасини тақдим қилиш йўли билан ишончига кириб, аёллардан жами 50 800 долларни олган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.