Ўзбекистон яқин йилларда олтин қазиб олишни қарийб бир ярим баробарга, яъни 150 тоннагача оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасида маълум қилди.

У Ўзбекистон дунёдаги энг йирик олтин қазиб олувчи давлатлардан бири бўлиб, айни пайтда йилига 105 тоннага яқин ушбу металл ишлаб чиқарилишини эслатиб ўтди.

2022 йил апрель ойида Навоий вилоятининг Томди туманида 40 миллион тоннадан ортиқ маъдан захирасига эга Мурунтов кони таркибида Балпантоғ ва Томдибулоқ конлари топилгани хабар қилинганди. Бу ерда қарийб 15 йил давомида йилига 3 миллион тоннадан ортиқ маъдан қазиб олиш режалаштирилган.

2021 йилда Қизилқумда 133 тонна захирага эга янги «Чукурқудуқ» олтин кони топилганди.