11 апрель куни президент раислигида ўтказилган йиғилишда «Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари» жамғармаси ва электрон платформаси ташкил қилиниши ҳақида хабар берилди.

Қайд этилишича, 2021 йилда 25 ёшгача бўлган ёшларни ишга олган корхоналарга тўланган ижтимоий солиқни қайтариб бериш амалиёти жорий қилинган. Бундан 9 мингдан зиёд корхона фойдаланди, уларга 150 миллиард сўмлик ижтимоий солиқ қайтарилди, 100 минг ёшлар бандлиги таъминланди. Шу боис ушбу тажрибани яна 2 йилга узайтиришга қарор қилинди.

1 июндан бошлаб «Ёшлар дафтари»га кирган талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизимини жорий қилиш топширилди.

Ёшлар ўртасида IT, реклама, кино, архитектура, дизайн, маркетинг, ҳунармандчилик, рассомчилик каби йўналишларга қизиқиш ортиб бораётганини ҳисобга олиб, вилоят ҳокимларига йил якунигача биттадан «Креатив парк» ташкил этиш топширилди. Уларда IT парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланади.

Бу мақсадлар учун «Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари» жамғармасига 100 миллион доллар йўналтирилади. Бу маблағлар иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларига қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса, фоизсиз ва гаровсиз ажратилади.

Йиғилишда, шунингдек, «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларини ишлатиш тизими ҳам ўзгариши маълум қилинди.

«Бу жамғарма ёшларни кўпроқ касбга, тадбиркорликка ўргатиб, бандлигини таъминлашга хизмат қилиши керак бўлса-да, ҳокимлар атиги 10 фоиз маблағни бандликка йўналтирган, „Ёшлар дафтари“ орқали кўрсатиладиган 25 та ёрдамнинг 5 тасидан фойдаланмоқда», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Шу сабабли:

  • энди ёшларга касбга ўқиш, меҳнат қуроли, уруғ-кўчатга субсидия каби турдош хизматлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти яратилади;
  • уруғ ва кўчат учун 2,5 миллион сўм ўша ҳудуддаги уруғ-кўчат хўжаликларидан сотиб олиш учун тўғридан-тўғри берилади;
  • «Ёшлар дафтари» билан ишлашда ёшларни анимация, дизайн, логистика оператори, гид каби замонавий касбларга ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу тизим билан мактабларнинг 10−11-синф ўқувчилари ҳам қамраб олинади;
  • бундан буён «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағининг камида 40 фоизи айнан касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилади;
  • жорий йилда замонавий касбларга ўқитиш учун 100 миллиард сўм ажратилади ва камида 25 минг нафар ёшлар ўқитилади.

Эҳтиёжга қараб, бунга яна маблағ ажратилади.