Ўзбекистон Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича жиноят иши бўйича бўлиб ўтган биринчи суд жараёнида айбдор деб топилган шахсларнинг апеллацияларини Тошкент шаҳрида кўриб чиқади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Ишни апелляция инстанциясида кўриш санаси яқин кунларда маълум қилинади.

Март ойи охирида Нукус воқеалари бўйича биринчи судланган 22 нафар маҳкумдан 16 нафари дастлабки инстанция судининг қарори устидан апелляция шикояти бергани ҳақида хабар берган эдик. Улар орасида журналист ва ҳуқуқшунос Даулетмурат Тажимуратов, Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси собиқ бошлиғи, марҳум Полат Шамшетов, Саипназар Калимов, Султанбек Каипов ва бошқалар бор.

Даулетмурат Тажимуратов манфаатларини ҳимоя қилувчи «Simay Kom» бюроси адвокати Сергей Майоровнинг «Газета.уз»га маълум қилишича, унинг ҳимоясидаги шахс судда иштирок этиш учун Бухоро вилоятидаги қамоқхонадан Тошкентдаги 1-сонли тергов изолятори («Тоштурма»)га вақтинча кўчирилган.

Куни кеча у президенти Шавкат Мирзиёев, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва ҳуқуқ ҳимоячиларига Даулетмурат Тажимуратовнинг ҳибсга олиниши юзасидан видеомурожаат билан чиқди.

Унда 6 апрель куни Тошкентда Тожимуратов кўчирилгандан сўнг «унинг соч-соқолини олиб ташлангани»ни айтди. «Унга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳали қонуний кучга киргани йўқ, у айби исботланган ва ҳукм қонуний кучга кирган жиноятчи деб ҳисобланмайди. Бу ноқонуний бўлган», — деган ва Тожимуратов у «сиёсий маҳбус» деб атаган.

Адвокатнинг таъкидлашича, маҳкумга «пахтаси йўқ, эски ва йиртиқ матрас, ҳидланган ёстиқ ва жуда ёмон чойшаб» берилган. Шунингдек, у Тожимуратовни халқ тилида «лохмачлар» деб аталадиган маҳбуслар билан бирга қўйишганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 31 январь куни биринчи инстанция суди «Эл хизметинде» газетаси собиқ бош муҳаррири Даулетмурат Тажимуратовни ҳокимият ёки конституциявий тузумни ағдариш учун тил бириктириш, ўта кўп миқдорда ўзлаштириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш, тартибсизликлар ташкил этиш, ҳокимият вакилига қурол ишлатиш ёки қўллаш таҳдиди билан қаршилик кўрсатиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.