Ўзбекистон аҳолисининг йиллик эҳтиёжини барқарор таъминлаш учун зарур даражада шакар маҳсулоти мавжуд ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, деб хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, шакар маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи маҳаллий тадбиркорларнинг 2023 йилдаги фаолиятида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

«Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари шакар хомашёсини жаҳон биржа котировкаларига нисбатан арзон нархларда Бразилия давлатидан харид қилмоқда. Хусусан, 15 апрель ҳолатига мазкур заводларда 357 минг тонна шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланган», — дейилади қўмита хабарида.

Шундан омборда 8 минг тонна тайёр шакар ва 78 минг тонна хомашё, июнь ойига қадар 271 минг тонна хомашё етказиб берилиши режа қилинган.

Шунингдек, ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда ва биринчи босқичида (1 майга қадар) шакар ишлаб чиқариш қувватларини ўтган йилга нисбатан 25 фоизга оширилиши, натижада суткасига 2,5 минг тоннагача шакар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Бунда йиллик шакар ишлаб чиқариш 600 минг тоннадан 1 млн тоннагача ошиши кутилмоқда.

Бугунги кунда аҳолига шакар 11 500 — 14 000 сўмдан, айрим олис ҳудудларда 12 000 — 15 000 сўмгача чакана нархларда реализация қилинмоқда.

Республика аҳолисининг йиллик эҳтиёжини (ўртача 650 минг тонна) барқарор таъминлаш учун зарур даражада (1 млн тонна) шакар маҳсулоти мавжуд ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, — дея таъкидлайди қўмита.

2022 йил март ойи охирида Шавкат Мирзиёев Жиззах, Самарқанд ҳамда Тошкент шаҳрида захиралар ўз вақтида тарқатилмагани сабабли шакар нархи кескин ошганини танқид қилганди. Президент шакар «ажиотажи» ҳақида гапирар экан, «Ҳокимлар ва прокурорлар қаёққа қараган?» — дея савол берган.

Собиқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги эса шакар нархи ўсишига муносабат билдириб, бунга асосан логистикадаги муаммолар ва ёнилғи нархларининг ўсиши таъсир қилаётганини қайд этган. Шунга қарамасдан, республикада шакар танқислиги мавжуд эмаслиги, йил якунигача етарли даражада захиралар яратилгани таъкидланган ўшанда.