Катта еттилик давлатлари (G7 — Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШ) ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё давлатлари дуч келаётган муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Улар бу позицияни 16−18 апрель кунлари Япониянинг Каруизава шаҳрида (Нагано префектураси) бўлиб ўтган йиғилишда эълон қилишди.

Катта еттилик давлатлари «Марказий Осиё мамлакатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш» ниятларини тасдиқлади.

«Биз Марказий Осиё давлатлари билан минтақавий муаммоларни, жумладан, Россиянинг агрессив уруши оқибатлари, Афғонистондаги вазиятнинг беқарорлаштирувчи таъсири, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигининг етарли даражада таъминланмагани, терроризм ва иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этишда ҳамкорлик қилиш тарафдоримиз. Биз минтақавий фаровонлик учун барқарор алоқа, транспорт, савдо ва энергетикани ривожлантиришга қатъий қарор қилдик», — дейилади қўшма баёнотда.

Вазирлар Марказий Осиё мамлакатлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ички ва институционал ислоҳотлар, минтақавий хавфсизлик каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини билдирдилар.

«Биз Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида юқорида қайд этилган йўналишларда минтақавий ҳамкорлик фаоллашганини олқишлаймиз ва бундай ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга содиқ қоламиз», — дея маълум қилишди ТИВ раҳбарлари.

Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяши Афғонистонда инсон ҳуқуқлари ва гуманитар вазият ёмонлашаётганидан жиддий хавотир билдириб, «Толибон»нинг инсон ҳуқуқларини поймол этувчи қарорларини, жумладан, аёллар ҳуқуқларига нисбатан чекловларни кучайтиришни кескин қоралади. Вазир Афғонистон халқига ёрдам кўрсатишда давом этар экан, афғон ҳукумати билан «доимий ва тўғридан-тўғри» ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидлади.

«Катта еттилик» ташқи ишлар вазирлари «G7 Афғонистон «терроризм учун хавфсиз бошпана» бўлиб қолишининг олдини олиш учун «Толибон»га ягона хабар етказиши керак, дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, иштирокчилар афғонларга самарали ёрдам кўрсатиш учун гуманитар ходимларнинг тўсиқсиз киришлари муҳимлигини таъкидладилар.

G7 давлатлари Россиянинг Украинага қарши уруши тугагунига қадар Россия активларини музлатиб қўйилишини ҳам маълум қилди.

Улар, шунингдек, Хитойнинг ядровий кенгайишига оид хавотирларни билдиришди ва Пекинни стратегик хавфларни камайтириш учун АҚШ билан музокаралар олиб боришга чақиришди. Дипломатлар, асосан, кўп томонлама экспорт назорати режимлари орқали ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган буюмлар ва технологияларни назорат қилиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқладилар.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги «Катта еттилик» давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Японияда бўлиб ўтган учрашуви Пекинга туҳмат қилишга қаратилганини қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, Япония сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни ривожлантириш борасидаги ишларни фаоллаштирди. 2022 йил ноябрь ойида Токиода ҳукмрон Либерал-демократик партия раиси ўринбосари, собиқ бош вазир Таро Асо бошчилигида Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстлик бўйича парламент аъзолари уюшмаси ташкил этилди.

Декабрь ойи бошида Япония пойтахтида Марказий Осиё инвестиция форуми бўлиб ўтган, шу ойнинг охирида эса «СА+Япония» вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.

Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяши ўтган йилнинг апрель ойида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Тошкентга ташрифи чоғида у 200 млн долларгача кредит ажратилишини маълум қилди, Афғонистонда қизларнинг таълимини тезроқ тиклаш ва бу мамлакатда инклюзив сиёсий тизим яратиш ҳамда Украинадаги вазият бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.