Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси 29 апрел куни Тошкентга ташриф буюрди. Аэропортда уни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в. б. Владимир Норов кутиб олди.Фото: Ўзбекистон ТИВ

Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, учрашувда томонлар халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди. Афғонистонда юзага келаётган вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Музокараларнинг аниқ тафсилотлари маълум қилинмади.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков билан учрашувда Ёсимаса Хаяси Япония мева-сабзавотчилик, чорвачиликни ривожлантириш, узоқ ва қишлоқ жойларда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Япония компанияларини соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликка жалб этиш ҳам қайд этилди.

Бундан ташқари, атмосферага углерод чиқиндиларнинг чиқарилишини камайтириш ва «яшил» технологияларни жорий этишга қаратилган ҳамкорлик доирасида навбатдаги тадбирлар кўриб чиқилди.

Фото: ИТСВ

JDS (Япония ҳукуматининг давлат идоралари ва тузилмалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган грант лойиҳаси) дастурида иштирок этаётган Япония университетлари рўйхатини кенгайтириш, шунингдек, ўзбекистонлик талабалар учун ушбу дастурда иштирок этиш квоталарини ошириш режалари борлиги маълум қилинди.

Япония ТИВ раҳбарини президент Шавкат Мирзиёев ҳам қабул қилди. Учрашувда Япониянинг ривожланиш ва ҳамкорлик институтларининг молиявий маблағлари иштирокидаги қўшма дастурлар портфели 7 млрд доллардан ошгани қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Япония Бош вазири Фумио Кисидага Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлади ва ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Ташриф доирасида Ёсимаса Хаясига Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фахрий доктори унвони берилди.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Япония томони Сардор Умурзаков билан учрашувни батафсил ёритди. Япония ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон томони Specific Skills махсус меҳнат визасига эга бўлган ўзбекистонлик ишчилар сонининг кўпайиши, ривожланаётган мамлакатларда япон сармояси ҳисобига кам углеродли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Қўшма кредитлаш механизми»дан (JCM, учинчи давлатларда атмосферага ажратмаларнинг камайиши Япониянинг ўзидаги ажратмаларни ҳисоблашда ҳисобга олиниши мумкин) кенг фойдаланишни кутмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Япония сунъий йўлдошлари ёрдамида иқлим ўзгариши оқибатларига қарши туришни режалаштирмоқда.

Ёшимаса Хаяси, шунингдек, боғдорчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси (2-босқич) учун Ўзбекистонга 200 млн долларгача кредит ажратилишини маълум қилди.

Япония ташқи ишлар вазири, шунингдек, унинг мамлакати Афғонистондаги вазият бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб, қизларнинг таълимини тезда тиклаш ва инклюзив сиёсий тизим яратишни исташини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Япония Афғонистон ва Марказий Осиёнинг қўшни давлатларини чегара назоратини кучайтириш ва радикализм оқимининг олдини олишда қўллаб-қувватлайди, шунингдек, мамлакат Ўзбекистонда электр станциялари қурилишини ҳам дастаклайди.

Сардор Умурзаков Афғонистон хавфсизлиги Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим эканини таъкидлаб, икки давлат «Афғонистонни энергия билан таъминлашга салмоқли ҳисса қўша олгани ва минтақавий барқарорликни таъминлашда ҳамкорлик қила олганидан» мамнунлигини билдирди. Гап Япония томонидан Ўзбекистонда электр станцияси қурилиши ҳақида бормоқда.

Ёшимаса Хаяси Япониянинг Россиянинг яқинда Украинага бостириб киришига муносабатини тушунтириб, халқаро ҳамжамият ушбу можарога қарши биргаликда курашиши кераклигини таъкидлади. Бунга жавобан Сардор Умурзаков Ўзбекистон позициясини изоҳлар экан, «барча низолар халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тинч йўл билан ҳал этилиши керак"лигини таъкидлади. Томонлар халқаро муаммолар, жумладан, Украина ва Афғонистон бўйича турли даражаларда яқин ҳамкорликни давом эттиришларини тасдиқладилар.

Томонлар Шарқий Осиёдаги вазиятни ҳам муҳокама қилдилар. Хаяси ва Умурзаков Шимолий Кореядаги вазиятни, жумладан, ядро қуроли, ракета учириш ва одам ўғирлаш муаммосини ҳал қилишда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаков вазир Ёшимасе Хаясига Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди.