24 декабрь куни Токио шаҳрида «Марказий Осиё+Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда Ташқи ишлар вазирлиги.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида транспорт боғлиқлиги, логистика, саноат кооперацияси, соғлиқни сақлаш, таълим ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларида икки ва кўп томонлама шакллардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида Япония Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини таъминлашда ишончли ҳамкор эканини, минтақа мамлакатлари иқтисодиётини саноат ва инфратузилма модернизациясига салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Учрашувда сўнгги йилларда Марказий Осиёда янги сиёсий муҳит шакллангани, кўплаб масалалар ҳал этилгани, иқтисодий ҳамкорлик кенгайтирилгани, инсонлар ўртасида эркин мулоқот учун шароит яратилгани алоҳида қайд этилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2016 йилдан 2021 йилгача Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ошиб, 6,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани маълум қилинди.

Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, жумладан, «Марказий Осиё+Япония» бизнес-мулоқотини ўтказиш, Япония ноу-хау ва инвестицияларини жорий этиш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт тизимини рақамлаштириш, барқарор энергия таъминоти, «яшил» кун тартибини илгари суриш, тиббиёт муассасалари ва корхоналарини яратишда Япониядан грант маблағларини жалб қилиш бўйича ташаббуслар эълон қилинди.

Кадрлар малакасини ошириш, миграция, туризм, маданият соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.

Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяши йиғилишда халқаро ҳамжамият Россиянинг Украинага бўлган тажовузи сабаб турли жиҳатлар, жумладан, озиқ-овқат ва энергия таъминотида жабр кўрганини таъкидлади, деб хабар берди Япония ТИВ. Унинг сўзларига кўра, бу можаронинг таъсири, айниқса, Россия билан яқин тарихий ва иқтисодий алоқаларга эга бўлган Марказий Осиёда катта аҳамиятли.

Шу нуқтаи назардан, Ёшимаса Хаяши Япония Марказий Осиёда барқарор ривожланишга эришиш учун «одамларга сармоя киритиш» ва «сифатли ўсиш»га алоҳида эътибор қаратувчи янги ривожланиш моделини илгари суриш истагида эканини билдирди.

Япония ТИВ маълумотларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, япон методлари бўйича техник мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда қўшма кредитлаш механизми орқали иқтисодиётни карбонсизлантириш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.

«Мураккаб халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, иштирокчилар Россия ҳудудидан ўтмайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйича ҳамкорлик бўйича ҳам фикр алмашдилар ва биринчи навбатда келаси йилнинг чорагида бу масалани чуқур муҳокама қилиш учун конференция ўтказишга келишиб олдилар», — дейилади хабарда.

Шунингдек, вазирлар трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашни фаоллаштириш, гиёҳвандлик, терроризм ва экстремизмга қарши курашда салоҳиятни ошириш, чегара назорати ва трансчегаравий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги ҳақида ҳам келишиб олдилар.

Бундан ташқари, вазирлар гуманитар вазият, жумладан, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш, шунингдек, этник гуруҳларнинг ҳуқуқлари юзасидан фикр алмашди.

Бундан ташқари, вазирлар гуманитар вазият, жумладан, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани реконструкция қилиш, шунингдек, Афғонистондаги этник озчиликлар, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Толибоннинг қизлар олий таълимини тўхтатиш тўғрисидаги қарори ва қизларнинг ўрта мактабда ўқишини тақиқлаш давом этаётгани бўйича умумий хавотир билдирилди.

«Марказий Осиё + Япония» форматидаги навбатдаги вазирлар учрашуви Қозоғистонда бўлиб ўтади.

Ушбу йиғилишнинг режалаштириш босқичида бўлиб ўтган мулоқотга нисбатан Россия ўз реакциясини билдирди. «Расмий Токио ушбу воқеа муносабати билан эълон қилган мақсадларга эътибор қилмай бўлмайди. Япония етакчиларининг тайёргарлик босқичидаги риторикасидан келиб чиқадиган бўлсак, улар ўзаро ҳамкорликдан унчалик ҳам манфаатдор эмас, балки, «дунё ҳамжамиятини, жумладан, Марказий Осиё давлатларини Россияга қарши бирлаштириш»дан манфаатдор», — деб ёзди Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова 23 декабрь куни ўз Телеграм каналида.