Якшанба куни Insider.uz Telegram каналида 43-йўналишдаги Isuzu автобуси салонида аёллар ва эркаклар ўтириши учун алоҳида жойлар ажратилгани акс этган суратлар эълон қилинди.

«Эҳтимол, бу ҳайдовчининг эркак йўловчилар томонидан содир этилиши мумкин бўлган таъқибларни қандайдир тарзда тўхтатишга уринишидир — тиғиз вақтларда улар [Isuzu] гавжум бўлади», — дея ёзди канал муаллифи.

Кўп ўтмай «Тошшаҳартрансхизмат» 8-автобус саройига қарашли бўлган 433-сонли автобусдаги рекламалар зудлик билан олиб ташланганини маълум қилди.

автобус, тошшаҳартрансхизмат

«Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида барча автобус ҳайдовчилари ва чиптачилари ўртасида навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказилаётганини, шунингдек, автобус салонида турли хилдаги ахборот материаллари тарқатилишининг олдини олиш, жамоат транспортида эълон қилиниши белгиланмаган махсус постерлардан фойдаланмаслик ҳамда иш фаолияти давомида ҳайдовчи ва чиптачилардан янада ҳушёр ҳолда иш юритишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди», — дейилади хабарда.

Йўловчилардан бундай ҳолатлар ҳақида компаниянинг 1062 ишонч телефонига хабар беришлари сўралди.

Автобусларнинг ҳаддан ташқари кўплиги ҳақидаги танқидларга жавобан компания 20 апрелдан бошлаб Хитойдан яқинда келтирилган 400 та «янги, замонавий автобуслар ва катта сиғимли электробуслар» йўналишларга қўшилиши кераклигини эслатди.

Кейинроқ компания мустақил Ўзбекистон қонунчилигида халқаро стандартларга мувофиқ аёллар ва эркаклар тенглиги мустаҳкамлаб қўйилгани ҳақида яна бир хабар қолдирди.

«„Тошшаҳартрансхизмат“ акциядорлик жамияти ва унинг тизим корхоналари фаолияти мустақил давлатимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, давлатимиз қонунлари ва бош қомусимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан олиб борилмоқда», — дейилади компания хабарида.